Навоийдаги боғчада болакай калтаклангани исботини топди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Навоий вилоятида яна бир болакай боғча тарбиячиси томонидан калтаклангани иддао қилинаётган мурожаат келди. Яна хусусий боғчаларнинг бирида бўлгани айтилмоқда” сарлавҳали видео ва фотолавҳадаги ҳолат исботини топгани маълум бўлди.
Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан бирламчи маълумотларни тақдим этди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан тезкорлик билан атрофлича ўрганиб чиқилган.
“Ушбу ҳолат 2023 йилнинг 4 май куни Кармана тумани “Кумушкон” МФЙдаги якка тартибдаги тадбиркор Шохижаҳон Саидов раҳбарлигидаги оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотига тегишли эканлиги аниқланди. Дастлабки аниқланган маълумотларга кўра, тарбияланувчига қилинган бундай қўпол ҳатти-ҳаракат шу боғчанинг тарбиячи ёрдамчиси С.Ю томонидан содир этилганлиги маълум бўлди.
Жорий йилнинг 8 май куни мазкур ходимга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли қарор қабул қилиш масаласи иш берувчи томонидан кўриб чиқилади ҳамда Кармана тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан ваколати доирасида кўриб чиқишлик ва тегишли қарор қабул қилишлик учун туман прокуратураси ва ички ишлар бўлимига белгиланган тартибда хат юборилиши таъминланади.
Натижаси бўйича қўшимча ахборот тақдим этилади” дейилади вилоят бошқармаси тақдим этган бирламчи маълумотларда.