Контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш тартиби белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2023 йил 1 июндан бошлаб истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, сертификатланмаган, сақлаш муддати ўтиб кетган, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарларни ишлаб чиқариш ҳолатлари бўйича мурожаатлар "Soliq hamkor" ахборот тизими орқали қабул қилинади ҳамда кўриб чиқилади.
"Soliq hamkor" ахборот тизими орқали мурожаатларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш жараёнида ахборот тизими орқали келиб тушган мурожаатлар назорат ва бошқа тадбирларни ўтказиш учун асос бўлади.
Янги меъёрга кўра, мурожаатлар ваколатли органлар томонидан 10 иш кунида мажбурий тартибда кўриб чиқилиб, натижаси бўйича мурожаат йўллаган шахс хабардор қилинади, бундан қонунчиликда белгиланган ҳолатлар мустасно, албатта.
Агар хабар берилган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича гумонлар ўз тасдиғини топса, хабар берган шахс маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жариманинг 20 фоизи, жиноятлар учун эса БҲМнинг беш бараваригача миқдорда рағбатлантирилади.
Эслатиб ўтамиз, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарлар ҳақида хабар берган шахслар рағбатлантирилиши “Аҳолини сифатли истеъмол товарлари билан таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–110-сон, 04.04.2023 й.) билан белгиланди.
Президент Қарорига кўра, истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, сертификатланмаган, сақлаш муддати ўтиб кетган, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарларни ишлаб чиқариш ҳолатлари ҳамда уларнинг айланмасига чек қўйишда жамоатчилик назорати кучайтирилади. Жумладан, мурожаатлар ягона ахборот тизими орқали қабул қилинади ва улар ваколатли органлар томонидан қисқа муддатларда кўриб чиқилади. Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахслар рағбатлантирилади.