platina.uz
Жамият

Метро барча учунми? Ёхуд метродан фойдалана олмаётганлар ҳақида

Бир кунда пойтахт метрополитенидан бир неча юз минглаб одамлар фойдаланишади. Ерости йўли йўловчилар учун шаҳар тирбандликларида вақт йўқотмай манзилга етишнинг қулай транспорт воситаси бўлиб қолган. Аммо метро ҳақиқатан ҳам жамиятимиздаги барчанинг оғирини енгил қиляптими?

Метро барча учунми? Ёхуд метродан фойдалана олмаётганлар ҳақида

Жамиятимизда биз билан бир қаторда яшаётган одамлар бор. Аммо уларга метрога тушиш учун етарлича шароит яратилмаган. Яъни ногиронлик аравачасидаги инсонлар учун метрополитенимизда тушиш лифти йўқ.

Жуда кўп гувоҳ бўламан: Чилонзор йўналишида ногиронлиги бўлганлар араваларда метрога тушиш учун атрофдагилардан ёрдам сўрайди ва ўзи алоҳида, араваси алоҳида базўр тушиб олишади. Кўпчилиги эса ноилож бошқа транспорт воситасини танлашади.

Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрда қабул қилинган “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияни Ўзбекистон 2009 йил 27 февралда имзолаган ва у юртимизда 2021 йил 28 июлдан кучга кирган.

Конвенциянинг 19-моддаcида эса, умумий фойдаланишга мўлжалланган хизматлар ва объектлардан ногиронлиги бўлганлар ҳам тенг даражада фойдаланиши ҳамда бу уларнинг эҳтиёжига жавоб бериши белгиланган. Аммо бу талабга метрополитенимиз жавоб берадими? Кунда-кунора гувоҳи бўлаётганларимиздан эса бу саволга йўқ дея жавоб беришга асосимиз етарли.

Шундай экан, бошқа ҳуқуқларини қўя турайлик, биргина метрополитен хизматидан фойдаланиш учун ногиронлиги бўлганларга шароит яратилмагани бу тоифа фуқароларимизнинг ҳуқуқлар поймол қилинаётганидан далолат эмасми?

Хўш, нега метрополитенимизда ногиронлар тушиш жойи йўқ? Бу масала “юқоридагилар”нинг ҳеч хаёлига келмайдими?

Ёки жамиятимизда ўз ўрни борларни ҳуқуқларини поймол қилиш жиноят эмасми?

Агар ҳартугул метрода ногиронлар учун шароит ярата олмасак, унинг чиройини мақташга не ҳожат?

Дарвоқе, бугун Халқаро ногиронларнинг ҳуқуқлари учун кураш куни нишонланди. Ана шу куннинг айни мавзуси сифатидаги мулоҳазаларимиз масъулларнинг эътиборига тушса, не ажаб?!

Фазилат МИРЗААҲМАДОВА,
ЎзЖОКУ 2-босқич талабаси

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid