Wikistipendiya: биринчиликка эришган лойиҳа ёхуд маданият
Ташкил этилганига қарийб бир йил бўлаётган лойиҳа қисқа муддат ичида ўзбекча википедиянинг "тақдир"ини ўзгартиришга муваффақ бўлди. Маълум бўлишича, ўзбекча википедия бутунжаҳон википедиялар рейтингида кучли ўнталикка кириши учун мақолалар сони миллионтадан ошиши керак.
WikiStipendiya — ўзбекча википедиядаги контентни яхшилашга қаратилган лойиҳа. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилда ўзбек тилининг интернетда муносиб ўринни эгаллашини таъминлаш борасида чиқарган фармони асосида йўлга қўйилди.
Ёшлар ишлари агентлиги йирик мукофот жамғармасига эга вики-марафонни йўлга қўйишга қарор қилди ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ёш ижодкорлар кенгаши билан ҳамкорликни йўлга қўйди.
Ташкил этилганига қарийб бир йил бўлаётган лойиҳа қисқа муддат ичида ўзбекча википедиянинг "тақдир"ини ўзгартиришга муваффақ бўлди.
Тинимсиз меҳнатлар ва кучли ишонч натижасида ўзбек тилидаги мақолалар сони 233 мингдан ошиб, бутунжаҳон википедиялар тизмасида 45-ўринга кўтарилди.
Шу билан бирга, қозоқча википедияни ортда қолдириб, Марказий Осиёдаги википедиялар ичида биринчи ўринга чиқди.
Лойиҳа фаолларининг айтишича, WikiStipendiya марафони ташкил этилишидан асосий мақсад интернетда ўзбекча маълумотларни кўпайтириш билан бир қаторда аҳолининг википедияга бўлган қизиқишини ошириш ва бошқа давлатларда бўлгани каби википедияга мақола киритиш маданиятини шакллантиришдан иборат бўлган.
Дарҳақиқат, ушбу мақсадлар ортидан, WikiStipendiya лойиҳаси доирасида шу кунга қадар ҳар бири 7 кундан иборат 3 та викиоромгоҳ ташкил этилди.
Биринчиси 2022 йилнинг август ойида, иккинчиси ноябр ва учинчи викиоромгоҳ жорий йилнинг апрел ойида ўтказилди.
Шоҳруҳ РАҲИМБОЕВ, лойиҳа бош координатори:
"Биринчи оромгоҳда 7 мингта, иккинчисида 24 мингда, учинчисида эса қатнашувчилар 80%и асосан янги қўшилганлар бўлганлиги учун 14 мингга яқин мақолалар киритилди".
Лойиҳа бош дизайнери Муҳаммадхон ЮСУПОВнинг таъкидича эса, лойиҳада иштирокчиларга "мақола" сўзини тушунтиришга, мақола киритиш маданиятини шакллантиришда қийинчиликлар бўлган.
Маълумот ўрнида:
Марафонда мустақил равишда мақола ёзиш ва бошқа тиллардаги материалларни таржима қилишга ҳам рухсат берилган эди.
Фақат устувор йўналиш сифатида табиий фанлар, география, муҳандислик ва технология, ижтимоий фанлар, фалсафа, тарих, маданият ва санъат, шунингдек, ўйинлар ва спорт йўналишлари танлаб олинган.
Лойиҳа ижодкорлари берган маълумотларга кўра, лойиҳанинг 2022 йил 2-мавсумида Ўзбекистондаги барча тепаликлар ҳақида маълумотлар жойланган. 3-оромгоҳда эса юртимиздаги барча қишлоқлар ҳақидаги маълумотлар киритилган.
Маълум бўлишича, ўзбекча википедия бутунжаҳон википедиялар рейтингида кучли ўнталикка кириши учун мақолалар сони миллионтадан ошиши керак.
Лойиҳа бош координатори Шоҳруҳ РАҲИМБОЕВнинг айтишича, эндиликда 7 ойда бир эмас, ҳар ой марафон ташкил этилади. Бу марафон ҳудудлар доирасида ташкил этилиб, ҳар ойда биттадан вилоятга борилади. Ва ўша ҳудудга тааллуқли барча маълумотлар википедиядан жой олади.
Бундан ташқари, википедияга 3 турдаги – танланган, яхши, хушсифат мақолалар муаллифларига гонорар бериш тизими ҳам йўлга қўйилади.
Лойиҳа бош дизайнери барчани ўзингиз учун фойдали бўлган маълумотларни бошқаларга ҳам улашишга чақирмоқда.
Одинахон ДЕҲҚОНОВА тайёрлади.