platina.uz

Суриянинг араб давлатлари билан муносабатлари эрий бошладими?

Эрон президенти Иброҳим Раисий Сурия уруши бошланганидан бери илк бор Дамашққа борди. Раисийнинг ташрифи Эрон ва минтақавий рақиб Саудия Арабистони ўртасида йиллар давомида давом этган кескинликдан сўнг муносабатлар тикланганидан далолатми?

Жаҳон
4 май 2023 йил
Суриянинг араб давлатлари билан муносабатлари эрий бошладими?

Иброҳим Раисий Дамашқда ҳамкасби Башар Асад билан учрашиб, Суриянинг араб давлатлари билан муносабатлари эрий бошлаганини таъкидлади.

Эрон ва Россиянинг ҳарбий ҳамда иқтисодий кўмаги билан Асад Суриянинг катта қисмини минтақа давлатлари томонидан дастакланаётган сунний мухолифат кучлари қўлидан қайтариб олди.

Раисийнинг ташрифи Эрон ва минтақавий рақиб Саудия Арабистони йиллар давомида давом этган кескинликдан сўнг муносабатларни тиклагани ва Асаддан узоқлашган араб давлатлари, жумладан, расмий Ар-Риёд ҳам алоқаларни тиклаган бир пайтда содир бўлди.

Асад Теҳрон ва Ар-Риёд ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланаётганини олқишлади. Асад, шунингдек, Сурия, Туркия, Россия ва Эрон расмийлари ўртасида Москвада бўлиб ўтадиган учрашувлар муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мақсад “босқинчи кучларни олиб чиқиб кетиш ва террористик гуруҳларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиш” бўлиши керак. Бу билан Асад Туркиянинг Сурия шимолидаги қўшинлари ва суриялик сунний мухолифат кучаларини қўллаётганига ишора қилган.

Сурия расмийлари Дамашқ ва Анқара ўртасидаги алоқаларни нормаллаштириш йўлидаги ҳар қандай қадам Туркия Суриянинг исёнчилар назорати остидаги ҳудудларга жойлашган минглаб аскарларини олиб чиқишга рози бўлганидан кейингина амалга оширилиши мумкинлигини таъкидлаб келади.

Раисий ва Асад узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни, жумладан, нефт саноати соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумини имзоладилар, дея хабар берган Сурия давлат ахборот агентлиги. Асад бу ташриф савдо ва сармояга “кучли туртки” беришига умид билдирди. 2011 йилда сунний мухолифат намойишларни зўравонлик билан бостиргани учун Сурияни яккалаб қўйган араб давлатлари 12 йиллик урушни тугатиш ва Сурияни араблар қаторига қайта интеграция қилиш учун йўл харитасини ишлаб чиқмоқда.

АҚШ Давлат департаменти вакили чоршанба куни Эрон ва Сурия ўртасидаги алоқаларнинг чуқурлашуви нафақат АҚШ иттифоқчилари ва минтақадаги давлатларни, балки бутун дунёни катта хавотирга солиши кераклигини айтди. Матбуот котиби Ведант Пател журналистларга Вашингтон шерикларига Дамашқ билан алоқаларни нормаллаштиришни қўллаб-қувватламаслигини очиқ айтди.

Ташриф арафасида Раисий Эронни қўллаб-қувватловчи ал-Маядеен телеканалига берган интервьюсида бу сафар Сурия ва бошқа иттифоқчилар, жумладан, Сурияга Асад номидан аралашган Ливаннинг Ҳизбуллоҳ қуролли гуруҳи билан алоқаларни “мустаҳкамлаши ва ривожлантириши”ни айтди.

Теҳрон Асад ҳукуматини кредит линиялари билан таъминлаб келмоқда. Шунингдек, Эрон Суриядаги телекоммуникация ва тоғ-кон саноати ва бошқа даромадли соҳаларда фойдали бизнес шартномаларини қўлга киритган. Бунга параллел равишда Эрон Сурияда ҳарбий жиҳатдан мустаҳкамланиб бормоқда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+