platina.uz
Жамият

Қоғозда барҳам берилган қийноқлар амалда ўша-ўшами?

Қийноқлар масаласи кун тартибидан тушмаяпти. Хусусан, Ички ишлар вазирлиги тизимидаги шоввозларнинг, юмшоқ қилиб айтганда, ўзбошимчалик билан иш тутгани ҳақидаги хабарлар деярли ҳар ой кўнгилни хира қилмоқда.

Қоғозда барҳам берилган қийноқлар амалда ўша-ўшами?

Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида яшовчи Дониёр Тўрахўжаевнинг босқинчиликда гумонланган 40 ёшдаги укаси Дилшоджон жорий йилнинг 12-15 апрель кунлари Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бўлими ходимлари томонидан қийноққа солингани, оғиз ва қўллари скотч билан боғланиб, шафқатсиз муомалага дучор қилинганлиги бўйича хабарлар тарқалди.

Бундан ташқари, Тоштурмада сақланаётган 29 яшар Ҳасанбой Абдунабиевга нисбатан содир этилган қийноқ натижасида у салкам ногиронга айланиб қолгани айтилган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов мазкур воқеага муносабат билдириб, Дилшоджон Тўрахўжаев ҳақиқатан ҳам фуқаро кийимидаги жиноят қидирув бўлими ходимлари, махсус кийимдаги терговчилар томонидан мажбурий кўрсатма олиш мақсадида қийноққа солинганини маълум қилди. Ҳасанбой Абдунабиев эса қўлга олиш жараёнида қаттиқ қаршилик кўрсатгани қистириб ўтилди.

Дилшоджон Тўрахўжаев ва Ҳасанбой Абдунабиевнинг айби бор-йўқлиги кейинги масала. Зеро, қонунга кўра, айби суд билан исботланмагунича улар айбсиз ҳисобланади. Уларнинг айбини бўйнига қўйиш учун ҳайвон ҳам уяладиган ноиинсоний қийноқларга солиш эса жиноят ҳисобланади. Бу жиноятни содир этган валломталар эса жиноятчи ҳисобланди. Бундай жиноятчи нусхаларни ишлаётган тизимнинг жиноятчиликка қарши курашишидан қандай умид қилса бўлади?

Тан олиш керак, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасида ҳам озми-кўпми, ўзаро тийиб туриш омили мавжуд. Яъни ИИВ тизими фаолиятининг қонунга мувофиқлигини прокуратура ва бошқа тузилмалар назорат қилиб туради. Ҳатто қўлга олинган гумонланувчини қонунда кўрсатилганидан бир соат кўпроқ ушлаб қолишса ҳам мазкур идоралардан “дакки” эшитишади.

Бироқ алам қиладигани шундаки, токи қийноққа солинганларнинг қариндош-уруғлари дод-вой солмагунича назорат идоралари балиқдек жим ўтиришади. Ёки хабар топишмайди, ёки эътибор беришмайди, ёки “ёпди-ёпди” қилишади. Қайси бир варинат тўғрилигини шу идора вакилларининг ўзлари танлашсин.

Дилшоджон Тўрахўжаев ва Ҳасанбой Абдунабиев билан боғлиқ ҳолатда ҳам уларнинг қариндошлари чор-атрофга жар солиб, шикоят қилишганидан кейингина айрим ҳуқуқ ҳимоячиларининг борлигини билиб қолдик. Гўё минг йил музлатилган мамонт уйғонганидек имиллабгина ҳаракат бошлашди.

Ниҳоят, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) мазкур воқеага муносабат билдирди. Омбусдманнинг Ахборот хизмати тарқатган баёнотда айтилишича, Омбудсманга адвокат У.М.нинг ҳимояси остидаги Ҳасанбой Абдунабиев қийноққа солингани ҳақида юборган мурожаати тезкорлик билан ижрога қаратилиб, 1 май куни ушбу мурожаат Ўзбекистон Республикаси ЖПК талаблари асосида кўриб чиқиш учун Бош прокуратурага Омбудсманнинг алоҳида назорат хати орқали юборилган.

Шунингдек, Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари вакиллари томонидан хабарларда қайд этилган шахслар билан учрашиб, ҳоли тарзда суҳбатлашишлари учун навбатдан ташқари мониторинг ташрифини ташкил қилиш ҳам режалаштирилди.

Қайд этиш лозимки, Омбудсманга юборилган қийноққа оид мурожаатлар, жумладан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарлар дарҳол назоратга олинади ва ўрганилади. Албатта ўрганиш натижалари бўйича, хусусан юқоридаги мурожаат юзасидан жамоатчилик хабардор қилинади.

Хўп, бу масла ечим топар. Эҳтимол қийноққа солган валломатлар жазога тортилар. Эҳтимол бор айбни Дилшоджон Тўрахўжаев ва Ҳасанбой Абдунабиевга тўнкашиб, уларни туҳматчига чиқаришар, буни вақт кўрсатади. Лекин бу билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Битта, иккита муаммони қўл билан тўғрилаш режимида ҳал қилиш вазиятни ўзгартирмайди. Президентимиз қайта-қайта айтаётганларидек, муаммога тизимли ёндашмоқ керак.

Айниқса давлат идоралари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш лозим. Лекин бизда аксинча, зўр бериб ИИВ ходимларини суратга ва видеога олишни ҳам тақиқлашга, интернетга тарқатишни чеклашга уринишмоқда. Агар бу имкониятлар чекланмаган ҳолатда қийноққа солиш ҳолатлари тўхтамаётган бўлса, чекловлар ўрнатилганидан кейин ҳар куни қийноқдан ўлган одамлар ҳақида эшитиб ажабланмай қўйсак керак.

Шу ўринда бир воқеа ёдга тушади. Эски Ўзбекистондаги эскидан эски бир амалдор чол Тошкентдаги халқаро конференцияга келган АҚШлик бир ҳуқуқ фаолини мот қилиб қўймоқчи бўлиб, “инсон ҳуқуқлари бузилиши фақат бизда эмас, АҚШда ҳам учрайди” деганди. Шунда АҚШлик мулозим “тўғри бизда ҳам инсон ҳуқуқлари бузилиб туради, лекин фарқимиз шундаки, бизда ҳуқуқи бузилган одам тезда ҳуқуқини тиклаб ололади”, деган экан.

Лекин биз ҳозир янги Ўзбекистонда яшаяпмиз. Шунинг учун қийноққа солинган юртдошларимизнинг тезда ҳуқуқлари тикланишига қаттиқ ишонамиз.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid