Бир ой аввал белгиланган тезлик ўз кучида, ўзгартиришлар киритилмаган
Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти ижтимоий тармоқ вакилларидан турли тахмин ва миш-мишлардан иборат асослантирилмаган маълумотларни тарқатмасликни сўрамоқда.

Тармоқларда транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 км этиб белгиланди мазмунида хабарлар тарқалди.
Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти ушбу хабарларга муносабат билдирди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги Фармонига кўра, 1 апрелдан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилиши белгилангани маълум қилинган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 апрелдаги 140-сон Қарори билан Йўл қоидаларига ўзгартириш киритилган.
“Ушбу қоида ҳозир амалда. Ижтимоий тармоқ вакилларидан турли тахмин ва миш-мишлардан иборат асослантирилмаган маълумотларни тарқатмасликларини сўраймиз", демоқда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати.