Қонунбузилиш ҳолатлари ҳозирча кузатилмади — ИИВ
Марказий сайлов комиссияси томонидан ташкил этилган матбуот марказида Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Унда референдум пайти қонунбузилиш ва кўнгилсиз ҳолатлар кузатилмагани айтиб ўтилди.
Қайд этилишича, референдум участкаларининг хавфсизлигини таъминлаш ва қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш учун 30 954 нафар ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари ишга жалб этилган. Уларга овоз бериш жараёнига аралашмаслик тушунтирилган.
Агар қонун бузилиш ҳолатлари аниқланса, ходим қўриқлаётган участка жойини тарк этмасдан юқорига ахборот беради, ОАВ фаолиятига аралашув ва шунга ўхшаш ҳолатлар содир бўлса, бартараф этади.
Эслатиб ўтиш жоиз, бундай жараёнларда қонун бузилишига амалдаги қонунчиликка кўра маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.
Шу жумладан, 383 нафар хорижий кузатувчилар ҳамда 192 нафар хорижий ОАВ вакилларининг ҳам хавфсизлиги назорат остида.
Қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган, қамоққа олинган маҳкумлар ҳам иштирок этмоқда. Референдумга 60 кун қолганидан бошлаб 18 та махсус референдум участкалари ташкил этилиб, бунда 9679 нафар маҳкумлар овоз беришдан фойдаланишди.
Кейинги брифинг Марказий сайлов комиссияси томонидан ўтказилади. Унда референдум жараёнининг илк рақамлари эълон қилинади.