Наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
Гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши курашиш борасида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Божхона қўмитаси ва Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбир ўтказилди.
Хусусан, 1969 йилда Бухоро вилоятида туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида истиқомат қилувчи, 2001 й.т. таниши озиқ-овқат маҳсулотлари солинган картон қути ичига яширган ҳолда, “Денов-Тошкент” йўналишида қатновчи машина орқали бериб юборган 300 гр. “опий” моддасини Чилонзор туманида қабул қилиб олган вақтида ушланди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, Денов шаҳрида яшовчи фуқаро ҳам ушланиб, унинг уйидан 500 гр. “опий” моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида жойлашган “Фарҳод” чегара-божхона постида ўтказилган тезкор тадбирда эса Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида яшовчи, 1982 й.т. аёл 1 кг 210 гр. ва унинг 2004 й.т. қизи 744 гр. “гашиш” моддасини ўз эгнидаги кийимлари остига яшириб, божхона назоратидан ўтказишга уринганларида қўлга олинди.
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида қайд этилган ҳолатда 1993 й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган шахснинг ёнида 5 гр., яшаш хонадонида эса 649 гр. “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Яна бир ҳолатда Тошкент шаҳрида яшовчи, 1986, 1987 ва 1990 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро кетаётган “Ласетти” русумли автотранспорт воситаси Бектемир тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Натижада, автомашина салони ва юкхонасида 698 дона “Тропикамид” ва 115 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда 7 гр. “Мефедрон” синтетик наркотик моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, автомашина эгасининг яшаш хонадонидан 497 дона “Регапен” дори воситаси ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.