Шарқшунослик университети биносини қурилиш вазирининг оила аъзоларига алоқадор компания реконструкция қилади

Тошкент давлат шарқшунослик университетининг Миробод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 26-уй манзилида жойлашган ўқув биносини (Конфуций номидаги ўзбек-хитой институти) реконструкция қилиш ишлари ҳеч қандай тендерсиз, Ҳукуматнинг 2022 йил 14 октябрдаги 570-Ф сонли ХДФУ фармойиши асосида “Трест-12” АЖ компаниясига бериб юборилган.
Давлат харидлари порталида келтирилишича, бинони реконструкция қилиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси билан “Трест-12” АЖ компанияси 2023 йил 10 феврал куни умумий қиймати 63 млрд 20 млн сўмлик шартнома тузган.

“Трест-12” АЖ компанияси қурилиш вазири Ботир Зокировнинг оила аъзоларига алоқадор деб кўрилади. Давлат реестрига кўра, компаниянинг 51,1 фоиз улушига Тошкент шаҳар ҳокимлиги, 19,1 фоизига Закирова Муаззам Саидахматовна, 14,1 фоизига Закиров Жасур Батирович, 13,1 фоизига Закирова Муҳайё Октябревна, 2,6 фоизига эса бошқа жисмоний шахслар эгалик қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил май ойида Антикоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов қурилиш вазири Ботир Зокировнинг оила аъзоларига алоқадор бўлган «Трест-12» компанияси қўлга киритган лойиҳаларда манфаатлар тўқнашуви бўлганини тасдиқлаган. «Газета.уз» нашри берган хабарга кўра, ўшанда мазкур компания тендерсиз 5 трлн сўмлик лойиҳаларни амалга оширган.
