platina.uz

“Камбағалликнинг иккинчи асосий белгиси”га қарши ечим борми?

Сўнгги олти йилда мамлакатимиз аҳолиси 5,5 миллион нафарга кўпайди. 2035 йилга бориб, 45 миллион нафардан ортиши прогноз қилинмоқда. Аҳоли сони ошиб бораётган Ўзбекистонда табиийки уй-жойга эҳтиёж ҳам ортади. Тадқиқотлар натижасига кўра, аҳоли шахсий уй-жойга эга бўлмасликни камбағалликнинг иккинчи асосий белгиси, деб ҳисоблайди.

Мақола
9 апрель 2023 йил
“Камбағалликнинг иккинчи асосий белгиси”га қарши ечим борми?

Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи ҳамда харид жараёнида юзага келаётган қийинчиликларни ўрганиш мақсадида ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига кўра, аҳоли орасида уй-жой сотиб олишга эҳтиёж юқори ва турар жойга эҳтиёжи борларнинг 96 фоизи бу борада кўмакка муҳтож. Уларнинг 71 фоизи шаҳарда ва 29 фоизи қишлоқ ҳудудларида яшайди.

Шунингдек, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан ўтказилган мазкур сўровнома таҳлиллари ҳали ҳамон аҳоли орасида пойтахтда истиқомат қилишга қизиқиш юқорилигини кўрсатган. Пойтахтдаги аҳоли орасида ижарада турувчилар улуши сезиларли даражада юқори ва уларнинг 68 фоизини давлат ташкилоти ходимлари ташкил этади.

Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра, 2020 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда мамлакат фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги талаб қилинмаслиги аҳолида пойтахтдан уй харид қилишда тенг имкониятлар яратди.

Шунингдек, ўтказилган сўровнома натижасига кўра, уй-жой харид қилмоқчи бўлган фуқароларнинг кўп қисми дастлабки бадал ва кредит фоизларини тўлашда қийинчиликка дуч келишини қайд этган.

Яна расмий даромадга эга бўлмаган аҳолининг 25 фоизи кредитнинг ойлик тўловини тўлашга қийналишини таъкидлаган бўлса, қолган иштирокчилар бўйича бу кўрсаткич 22 фоизни ташкил этади. Яъни расмий даромад олмайдиган фуқаролар келажакдаги даромад манбаларининг ноаниқлиги туфайли ойлик тўловларда қийинчиликка учрашдан хавотирланади.

Маълумки, қишлоқ ҳудудларида асосан ҳовли-жойларга эҳтиёж юқори бўлади. Сўровда қатнашган қишлоқ жойларида яшовчиларнинг 61,4 фоизи яшаш жойида оила аъзолари сони кўплиги ҳамда яшаш майдонининг кичиклиги сабабли уй-жойга эҳтиёжи борлигини билдирган.

Хўш, бу таҳлилларга жавобан қандай ечимлар бор?

Аввало қуйидаги рақамларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ: айнан Ўзбекистондаги демографик ўсиш сабаб 2017 йилдан буён 326 мингта янги уй-жой фойдаланишга топширилди. 2022 йилда 31 та “Янги Ўзбекистон” массивини қуриш дастури бошланди. Шунингдек, 2023 йилда тижорат банкларига 31 минг оилага уй-жой ипотекаси учун 9 триллион сўмлик ресурс йўналтирилади.

Яна охирги уч йилда эҳтиёжманд оилаларга бошланғич бадал ва фоиз тўловлари учун 1,3 триллион сўм субсидия берилган бўлса, биргина 2023 йилнинг ўзида бу мақсадлар учун 1,6 триллион сўм субсидия ажратилиши белгиланди.

Шу яқин кунларда яна бир мақсадли ечим амалга татбиқ этилдики, унга кўра жорий йилнинг 1-майидан бошлаб расмий даромади етарли бўлмаган аҳолига ҳам ипотека кредити олиш учун имконият яратиладиган бўлди. Шунингдек, дастлабки бадални кўпроқ тўлаган фуқаролар банкдан арзонроқ кредит олиш имкониятига эга бўлади.

Қишлоқ аҳолисининг ҳовли жойни кенгайтиришга бўлган эҳтиёжини қондириш учун эса 2023 йилда 10 минг кишига ҳовлисини кенгайтириши ёки қўшимча қурилиш қилиши учун 1,5 триллион сўм миқдорида кредит ажратилиши белгиланган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугун турар жойга бўлган эҳтиёж ортиб бораётган шароитда ипотека кредитининг қулай ва мослашувчан шартларини ишлаб чиқиш, ипотека бозорига замонавий механизмлар ва институционал ислоҳотларни жорий этиш аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади.

ДАРВОҚЕ

Аввалроқ камбағалликка қарши кураш ва инсон потенциалини ривожлантириш бўйича Оксфорд ташаббуси томонидан ишлаб чиқилган кўп ўлчамли камбағаллик индикаторларини аниқлаш мақсадида Навоий вилоятида тадқиқот ўтказилганди. Бу тадқиқот сўровда иштирок этган аҳоли мавжуд 23 та индикатор орасидан шахсий уй-жойга эга бўлмасликни камбағалликнинг иккинчи асосий белгиси, деб ҳисоблашини кўрсатди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+