Навоийда ўқитувчилар "Ташаббусли бюджет"га овоз йиғиш ишларига жалб қилингани исботини топди
Ўрганиш натижаларига кўра, Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги 24-сонли ҳамда Навбаҳор туманидаги 9-сонли ўрта умумтаълим мактабларида мактаб раҳбариятлари томонидан ўзлари раҳбарлик қилиб келаётган мактаб ўқитувчиларининг хизмат вазифаларига кирмайдиган ташаббусли буджет лойиҳасига овоз йиғишга тарғиб қилганлиги ва мажбуран жалб қилганлиги ҳамда уларнинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланган. Ўрганиш натижаларидан келиб чиққан ҳолда Давлат меҳнат инспекцияси томонидан мазкур таълим муассасаларининг мансабдор шахслари белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилган.
Аввалроқ, "Ташаббусли бюджет" учун айрим соҳа вакилларининг овоз йиғиш ишларига жалб қилинганлиги ҳолатлари Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш комиссияси томонидан атрофлича ўрганилаётгани ҳақида аввал хабар берган эдик .
Комиссия мажбурий тарзда бирор бир меҳнатга жалб этиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келган ёки мазкур ҳолатдан хабардор бўлган юртдошларимизни mk@senat.uz, “1176” ҳамда “1092” рақамли “ишонч телефон”ларига мурожаат қилишини сўрамоқда.
Эслатиб ўтамиз, "Ташаббусли бюджет" учун айрим соҳа вакилларининг овоз йиғиш ишларига жалб қилинганлиги бўйича Олий Мажлис Сенати фуқароларга мурожаат билан чиққани ҳақида хабар бергандик.