Қарийб 40 кг гиёҳвандлик воситасининг транзитига чек қўйилди — ДХХ
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда 2 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳамда 1 нафардан Тожикистон ва Қозоғистон республикалари фуқаролари ушланиб, улардан 12 кг 800 гр. «опий» ва 27 кг 50 гр. «гашиш» наркотик моддалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Тезкор тадбир давомида мазкур шахслар ДХХ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, воқеа жойидан қочишга уринишган.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонга контрабанда йўли билан олиб келинган ушбу гиёҳвандлик воситалари мамлакатимиз ҳудуди орқали бошқа давлатга олиб чиқиб кетилиши керак бўлган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур фуқароларга нисбатан ДХХ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.