platina.uz

Хоразмда адлия ва ФВВ мансабдорлари вояга етмаганларни зўрлаб келган

Хоразмда вояга етмаган қизларни зўрлаган мансабдорларга бор йўғи 1.5 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Қизлар суднинг бу қарорига апелляция шикояти киритган, аммо суд жазони ўзгаришсиз қолдирган.
Жамият
1 апрель 2023 йил
Хоразмда адлия ва ФВВ мансабдорлари вояга етмаганларни зўрлаб келган

Хоразмдаги оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари 3 нафар вояга етмаган тарбияланувчи қизни 10 ой давомида вилоят адлия бошқармаси ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи билан жинсий алоқада бўлишга мажбурлагани айтилмоқда.

Маълум қилинишича, Хоразм вилоятида жойлашган Меҳрибонлик уйи мудираси ва икки идора бошлиқларига нисбатан қўзғатилган ишни кўриб чиққан суд мажлиси 2022 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган.

Ҳолат юзасидан Адлия вазирлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.

Муносабатда Адлия вазирлиги тизимида ишлаётган ходимларнинг, хусусан, раҳбарларнинг давлат хизматчиси обрўсига путур етказиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракат содир этишдан тийилиши, уларни жамият ўрнатилган ахлоқ нормаларига риоя қилиши юзасидан мунтазам чоралар кўриб борилиши маълум қилинган. Шу билан бирга, кўп минг сонли ходимларнинг ҳар бирини ишдан ташқари вақтда одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш имконияти чеклангани қайд этилди.

"Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарда қайд этилган вазирлик ҳудудий бошқармаси раҳбарининг на қонунларга, на ахлоқ ва қадриятларга мос келмайдиган ҳаракатлари бизни чуқур ларзага солди. Ушбу жиноий ҳаракат ҳақидаги бизга маълум бўлган вақтидаёқ у лавозимидан озод этилган. Унга нисбатан тегишли суд ҳукми чиқарилиб, жиноий жавобгарликка тортилган.

Қонунчиликка кўра судлар ўз фаолиятини давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларидан мустақил равишда олиб боради, ўз ҳукм-қарорларини мустақил равишда чиқаради. Шу сабабли Адлия вазирлиги собиқ ходимга нисбатан суд ҳукмини шарҳлаш ваколатига эга эмас.

Таъкидлаш жоизки, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан аёллар ҳамда вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиришлар тўплами, кенг жамоатчилик вакиллари билан бамаслаҳат, маромига етказилган ҳолда қабул қилинди.

Ушбу ўзгартиришларга асосан, жинсий жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жавобгарлик янада кучайтирилмоқда, мазкур шахслар учун жазо тайинлашни енгиллаштирувчи ҳолатлар, шу жумладан, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни қўллаш тақиқланмоқда. Мазкур қонун ҳозирда Сенатда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда.

Адлия вазирлиги жамиятда хотин-қизлар, хусусан, вояга етмаган ва имконияти чекланганларни ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан барча фаоллар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилади", - дейилади муносабатда.

Шунингдек, Комил Алламжонов педофилларга нисбатан кимёвий кастрация жазосини қўллаш юзасидан қонунчиликка ўзгартириш киритишни таклиф қилмоқда.

Маълумотларга кўра, Хоразм вилояти адлия бошқармаси бошлиғи эса меҳрибонлик уйидаги қизларни жинсий зўрлаб келгани учун 1,5 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Айбдорларга 2022 йил сентябрда Жиноят кодексининг 4 та моддаси бўйича ҳукм чиқарилган:

  • 128-модда. Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш;
  • 128-1-модда. Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш;
  • 167-модда. Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш;
  • 209-модда. Мансаб сохтакорлиги.

Жабрланган қизлар апелляция беришган. Аммо одил судловимиз декабрда юқоридаги қарорни ўзгартирмаган.

Ҳали бу борада Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бирор муносабат билдиргани йўқ.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+