“Воқеа иштирокчилари орасида ҳуқуқ идораси вакиллари ҳам борлиги ниҳоятда хавотирлидир” – Саида МИРЗИЁЕВА
Хоразмдаги оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари 3 нафар вояга етмаган тарбияланувчи қизни 10 ой давомида вилоят адлия бошқармаси ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи билан жинсий алоқада бўлишга мажбурлаб келган.
Ушбу ҳолат юзасидан Саида Мирзиёева муносабат билдирди.
"Хоразмда юз берган фожиа жамиятда кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу ҳолат қонунчилигимизда жиддий муаммолар борлиги ва ушбу бўшлиқдан жирканч шахслар фойдаланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Воқеа иштирокчилари орасида ҳуқуқ идораси вакиллари ҳам борлиги эса ниҳоятда хавотирлидир.
Бош прокуратурадан мазкур ҳолатга алоҳида эътибор қаратиб, синчиклаб ўрганишни ва ҳуқуқий баҳо беришни сўрайман.
Биз мавжуд қонунчиликни қайта кўриб чиқиб, такомиллаштириш, турли “лазейка”ларни ёпиш, оилавий зўравонлик бўйича қонунни қабул қилишни тезлаштиришимиз зарур. Мазкур қонун лойиҳаси аёллар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган", дейилади муносабатда.
Бу ҳолатга Адлия вазирлиги матбуот хизмати муносабат билдирганди.
Хоразм вилояти Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғининг Меҳрибонлик уйи вояга етмаган тарбияланувчиси билан боғлиқ иши бўйича Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам ўз муносабатини ниҳоят билдирди.
“Таъкидлаб ўтиш керакки, ўтган йили тергов ишлари олиб борилаётган вақтда ушбу ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Унинг кейинги тақдири билан ваколатли органлар шуғулланган"лиги маълум қилинган вазирлик муносабатида.
Шунингдек, Болалар Омбудсмани Хоразм вилоятидаги оилавий меҳрибонлик уйидаги жинсий зўравонликка учраган вояга етмаганлар ҳолатини ўрганаётганини билдирди.
Болалар Омбудсмани болаларга нисбатан қўлланадиган ҳар қандай жинсий жиноятларга оғир жазо турларини қўллаш керак, деган позицияда.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ҳолатни назоратига олди ва ишга оид барча ҳужжатларни ўрганмоқда.