Юртимизда кузатилган 5 балли зилзилалар ҳақида мутахассис муҳим ҳақиқатни айтди
Сўнгги 6-7 йиллик "сейсмик сокин" даврда Ўзбекистонда жуда кўплаб бино-иншоотлар қад ростлади. Айниқса, янги “сити”ларнинг барпо этилиши фонида кўп қаватли уйлар пайдо бўлди.
Ўзбекистоннинг кўплаб вилоятларида кузатилган иккита 5 балли зилзилалар сўнгги пайтлар қурилган янги бино иншоотларнинг кучсиз зилзилага бардошли эканини синовдан ўтказди.
Мутахассис Эркин Абдулаҳатовнинг тушунтиришича, сўнгги 6-7 йиллик "сейсмик сокин" даврда Ўзбекистонда жуда кўплаб бино иншоотлар қад ростлади, айниқса, янги "ситилар"нинг барпо этилиши фонида кўп қаватли уйлар пайдо бўлди. Кўплаб бино иншоотлар жойнинг сейсмик районлаштириш хариталари асосида сейсмик бардошли этиб қурилиши лозим.
Масалан, пойтахт Тошкентнинг сейсмик районлаштириш картасида ҳудуд 8-9 баллик зилзила бўлишга мойил зона ҳисобланади. Ва барча иншоотлар мана шу омилни инобатга олиб қурилиши шарт. Бошқача айтганда, бино иншоотлар 8-9 баллик зилзила содир бўлганда талофатлар келтирмаслиги (деворларда катта ёриқлар пайдо бўлмаслиги, бино ва унинг қисмлари қуламаслиги) лозим.
21 ва 23 март тунда кузатилган 5 балли зилзилалар янги қурилган иншоотларни биринчи марта табиий синовдан ўтказди.
Баъзи ҳудудларда иншоотларда зилзиладан сўнг ёриқлар пайдо бўлгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар айланмоқда. Қурилиш ва уй-жой коммунал вазирлиги хатловлар ўтказишда ушбу омилнинг ҳам таъсирини ўрганаётган бўлиши керак.