Тиббиёт муассасалари байрам кунлари ҳам куну тун ишлайди – ССВ

«Наврўз» умумхалқ байрами кунлари ҳам тиббиёт муассасалари аҳоли учун хизмат кўрсатади.
ССВ берган маълумотга кўра, байрам кунлари қуйидаги даволаш-профилактика муассасаларининг 40 минг нафар тиббиёт ходими қонунда белгиланган тартибда, навбатчилик асосида аҳолига хизмат кўрсатади:
- 1257 та кўп тармоқли ва оилавий поликлиника;
- 1080 та оилавий шифокор пункти;
- 1002 та маҳалла тиббиёт пункти;
- туман, вилоят ва республика шифохоналари;
- ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари;
- тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари.
Шунингдек, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги 13 та филиали, туманлардаги 181 та шошилинч тиббий ёрдам қабул бўлими ҳамда туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида 24 соат давомида навбатчи шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади.
Республика бўйича 2 755 та тез тиббий ёрдам бригадаси ҳам аҳолидан бўладиган чақириқлар асосида куну тун хизмат кўрсатади.
Бундан ташқари, 227 та туғуруқ, 245 та болалар даволаш муассасаси ҳам узлуксиз иш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг тегишли фармонига кўра, «Наврўз» умумхалқ байрами муносабати билан беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар – 5 кун (18-22 март), олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиганлар – 4 кун (19-22 март) кетма-кет дам олади.