platina.uz

Тоғлар орасидаги оғир ҳудудда нималар ўзгарди? Сурхондарёга сафар

Шу кунгача фақатгина юк машиналари ёки йўл танламас автоуловлар ҳаракатланиши мумкин бўлган 36 километр ўнқир-чўнқир тоғ йўли текисланиб, шағал ётқизилган.

Жамият
26 декабрь 2023 йил
Тоғлар орасидаги оғир ҳудудда нималар ўзгарди? Сурхондарёга сафар

Конституция қилинганининг 31 йиллиги нишонланаётган кун. Президентнинг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Абдулҳаким Эшмуратов ва вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Комил Абдувоҳидов билан Бойсунга йўл олдик. Тоғлар қўйнидаги Дуоба маҳалласига бориш ва “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари асосида тубдан янгиланган ҳудуд аҳолисининг қувончига шерик бўлишга шошаяпмиз.

Баланд чўққиларга туташиб кетган бу қишлоқларда аввал ҳам бўлганман. Сўнгги марта борганимизда “Шкода” енгил машинасида Бойсунгача уч соат, туман марказидан манзилга етиб олиш учун яна тўрт соатдан ортиқ йўл юрганмиз. Чунки, гоҳ тепага ўрлаб, гоҳ нишабга ҳаракатланадиган тоғ йўллари ўйдим-чуқур. Фақат юк автомашиналари ва “УАЗ”, “Нива” сингари йўл танламаслар ҳаракатланадиган қалтис йўл. Дарё ва сойлардаги омонатгина кўприклардан юрак ҳовучлаб ўтганимизни яхши эслайман.

Йўл-йўлакай Абдулҳаким Эшмуродов ўтаётган йилда “Обод хонадон–обод кўча – обод маҳалла” мезонлари доирасида вилоятда амалга оширилган ишлар ҳақида гурунг беради. Олтинсой туманидаги Обшир, Шўрчидаги Хўшчекка, Узун туманидаги Янги йўл маҳаллаларининг қиёфаси тубдан ўзгариб, одамларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун барча шароит яратилгани, Дуобада бажарилган қурилиш-ободонлаштириш ишлари, Музработ туманидаги Боғи эрам маҳалласида бу ишлар давом этаётганини мароқ билан сўзлайди.

–Бу ҳудудларнинг ҳар бирини янги кўринишга келтириш ўз-ўзидан бўлгани йўқ,- дейди Абдулҳаким Эшмурадов.- Катта маблағ ва ҳашарчиларнинг бетиним меҳнати эвазига шунча иш бўлди. Ҳар бир маҳаллада янги бинолар қуриш, йўлларни кенгайтириб, текислаш ва ободонлаштириш учун икки-уч ой тинимсиз меҳнат қилинди.

Дуоба тарафга тобора яқинлашар эканмиз, фикримни бехосдан хаёлимга келган яна бир масала чалғитиб қўяди. Президентимиз топшириқларидан сўнг оғир ҳудуд сифатида танланган тоғли бу маҳаллада қисқа вақтда шунча кўп янгиланиш юз берган бўлса, уни қисқагина хабар билан халққа қандай етказиш мумкин? Ахир, жамиятимиз тубдан ўзгараётган ҳозирги пайтда ахборотга эҳтиёж ҳам ўзгариб бормоқда. Янгиликни ўқувчиларга фақат холис эмас, балки тезкор, қисқа етказиш анъанага айланмоқда. Кўпинча катта-кичик раҳбарлар ёки бошқа суҳбатдошларим менга одамлар катта мақолаларни ўқимай қўйди, шов-шувли қисқа хабарларга қизиқиб қолди, деган фикрларни айтади.

Енгил машинамиз Паданг кенгликларидан ўтиб, баланд Бойсун тоғидаги икки тарафи қуюқ арчазор йўлда пастга ҳаракатлана бошлайди.

- Йўл қандай бўлибди,- дея кутилмаганда савол беради А.Эшмурадов майин жилмайиб.- Бу йўлларда аввал ҳам юргандим, дегандингиз. Ўшанда ҳам шунақа кенг, текисмиди? Ҳов, кўраяпсизми, илгари йўлтанламас енгил машиналар қийналиб ҳаракатланган йўлда “Дамас” бемалол ўрлаб келмоқда.

Янгиланган текис йўл, йўл бўйларида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари, дарё, сой ва жилғаларда бажарилган йирик ҳажмдаги ишлар тўғрисида суҳбатлашиб, чамаси икки соатда Дуоба маҳалласи марказига етиб келдик.

Маҳалла Дуоба, Қайроқ, Пастки Дуоба ва Гуматак қишлоқларидан иборат мафтункор гўша. 502 хонадонда 2 минг 500 дан зиёд аҳоли яшайди. 17 фермер хўжалиги мавжуд. Еттита кўчаси бор. Одамлар асосан чорвачилик ва олма етиштириш билан шуғулланади. Бу маҳалладан тепада Назари, Деҳболо, Ўрмончи каби қишлоқлар мавжуд. Икки тоғ орасидаги дарё бўйлаб, кетаверсангиз, Қашқадарё тарафларга бориб қоласиз.

Ҳайдовчимиз машинани янги қурилган қишлоқ-шифокорлик пункти олдида тўхтатди. Шаҳарникидан қолишмайдиган, 50 қатновга мўлжалланган тиббиёт муассасаси замонавий усулда жиҳозланган. Иситиш тармоғи барпо этилган. Кундузги даволаниш хоналари бор. Қарийб 2 миллиард сўм эвазига барпо этилган тиббиёт маскани қад кўтарган.

Янги тиббиёт муассасасидан унча узоқ бўлмаган масофада 17- мактаб учун 2 миллиард 100 миллион сўм маблағ сарфланиб, 180 ўринли ўқув биноси, йўл бўйида турли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларидан иборат микромарказ қурилган. Маҳалланинг эски биноси 500 миллион сўмга тубдан қайта таъмирланиб, бир йўла мўъжазгина кутубхона ва хотин-қизлар учун тикувчилик ўқув маркази ҳам ташкил этилган. Спорт майдончаси, Пастки Дуоба қишлоғида 1 миллиард сўмга 80 ўринли мактаб филиали барпо этилган.

Шу кунгача фақатгина юк машиналари ёки йўл танламас автоуловлар ҳаракатланиши мумкин бўлган 36 километр ўнқир-чўнқир тоғ йўли текисланиб, шағал ётқизилган. 7 та сел-сув тошқинлари зарар етказган йўлларга бетон ётқизилган. Иккита трансформатор пункти қурилиб, 1,6 километр ҳаво электр узатиш тармоғи тортилган. Қайроқ ва Гуматак қишлоқлари аҳолиси ичимлик суви билан таъминланган. Суюлтирилган газ баллонларини сақлаш ва аҳолига етказиб бериш учун сервис маркази бунёд этилган.

Ҳудудларни бир-бири билан боғлашда кўприкларнинг алоҳида ўрни бор. Эндиликда Дуоба ва ундан кейинги маҳаллалар аҳолиси баҳорнинг серёғин, қишнинг изғиринли кунларида ҳам ҳеч иккиланмай туман марказига қатнай олади. Дуоба дарёси устидаги омонатгина кўприк ўрнида олти миллиард сўм маблағ эвазига қад ростлаган кенг, мустаҳкам кўприк тоғ қишлоқларини қишин-ёзин мамлакатимизнинг исталган нуқтаси билан боғлаб туради.

Холмўмин Маматрайимов

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+