“Оилавий зўравонликнинг оқибатлари эмас, аксинча сабаблари билан курашиш зарур” — Саида Мирзиёева
Президент администрациясининг шўъба мудири Саида Мирзиёева БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили билан оилалардаги зўравонликнинг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси юзасидан суҳбатлашган.
Учрашув давомида жамиятнинг энг оғриқли, шунингдек, долзарб масалаларидан бири – оилалардаги зўравонликни криминаллаштириш ва бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган, ҳозирда Олий Мажлис муҳокамасида бўлган тегишли қонун лойиҳаси борасида ўзаро фикр алмашилган.
"Мен доим гендер зўравонликнинг сабабларини тушунишга, излашга ҳаракат қиламан, чунки фақатгина унинг туб моҳиятини англаш, бундай ҳодисалар нега содир бўлишини билиш орқали унинг илдизига болта уриш, бундай шафқатсизликни бартараф этиш мумкин, деб ўйлайман. Шу нуқтаи назардан, Димовска хонимга оилавий зўравонликнинг оқибатлари эмас, аксинча сабаблари билан курашиш зарурлиги борасидаги мулоҳазаларим билан бўлишдим. Учрашувда, шунингдек, хотин-қизларнинг иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратиш режаларини ҳам муҳокама қилдик", - дейди Мирзиёева.