Наманганда товламачилик йўли билан пул ундирмоқчи бўлган блогер ушланди

Telegram каналига ёлғон ва бўхтон хабарларни тарқатмаслик учун эвазига фуқаролардан пул талаб қилиб келаётган янгиқўрғондик блогер қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИВ хабар берди.
Жорий йилнинг 4 март куни Янгиқўрғон туманида истиқомат қилувчи фуқаро туман ички ишлар бошлиғи номига ариза қолдириб, унда Telegram ижтимоий тармоғида расмий мақомга эга бўлмаган каналларнинг бирида, жумладан, 26 февраль 2 март кунлари шахсий фотосуратларини жойлаган ҳолда, унга нисбатан иғво ва бўхтонларни тарқатаётгани ҳақида мурожаат қилган.
Унга кўра, у ушбу туманда истиқомат қиладиган блогердан гумон қилаётганини маълум қилиб, у билан суҳбатлашган. Блогер эса канал админига алоқага чиқиб, ушбу масалани ҳал қилиб бериш эвазига 600 доллар талаб қилаётганини маълум қилган.
Тезкор тадбир давомида шу куни соат 14:00 да аризада номи келтирилиган шахс аризачидан кимёвий ишлов берилган 400 доллар ва бир миллион бир юз эллик минг сўм пулларни олган вақтида, ашёвий далил билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат бўйича терговга қадар текширувлар давомида ушбу блогер бошқа фуқаролардан маълумотларни тарқатмаслик шарти билан пул талаб қилиб келгани аниқланди. Қолаверса, ушбу шахс 2020 йилнинг февралида ҳам Жиноят кодекси 120-моддаси 2-қисми билан судланган. Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.