2023 йилги «Фуқаролар учун бюджет» нашри эълон қилинди
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистоннинг 2023 йилги бюджетига бағишланган «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашрини тақдим этди.
Иқтисодиёт вазирлиги нашрда жорий йилги давлат бюджети «глобал зарбалар ва ўсиб бораётган иқтисодий ноаниқлик шароитида» шакллантирилганини эслатиб ўтган.
Ташқи таҳдидлар туфайли иқтисодиёт режалаштирилганидан пастроқ суръатларда ўсиши кутилмоқда. Нашрнинг биринчи қисмида келтирилган дастлабки баҳолашга кўра, 2022 йилда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 5,7 фоизни ташкил этди. 2023 йилда ЯИМ ўсиши 5,3 фоизгача секинлашиши прогноз қилинмоқда.
Нашрнинг асосий бўлими Давлат буджети даромадлари, харажатлари ва тақчиллигининг прогноз кўрсаткичларига бағишланган. Мазкур бўлимда ўқувчиларга, 2023 йил учун солиқ бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, манбалар кесимидаги бюджет даромадларининг прогнози ҳамда буджет тушумларига таъсир этувчи омиллар ҳавола этилади.
Ушбу бўлимда ўқувчилар 2023 йилда буджет маблағларини сарфлашнинг ҳажмлари ва йўналишлари ҳақида ҳам маълумот олишлари мумкин. Харажатлар қисмида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш харажатлари устувор йўналиш бўлиб қолмоқда.
Инфляциянинг кучайиши шароитида ушбу соҳани молиялаштириш, жумладан, иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий нафақаларни оширишга кўпроқ маблағ ажратилишини талаб этади.
2023 йилда Давлат буджети умумий харажатларининг 50,4 фоизини ижтимоий харажатлар ташкил этади.
Кейинги йилларда жорий этилган ташаббусли буджет амалиёти ушбу мақсадларга ажратиладиган буджет маблағларини кўпайтириш ҳисобига кенгайтирилади. Ўқувчилар фуқароларнинг бевосита иштирокида, уларнинг фикр ва таклифларини инобатга олган ҳолда маҳаллий буджет маблағларини қанча миқдорда тақсимлаш режалаштирилганлигини билиб олишлари мумкин.
Бўлим буджет тақчиллиги ва уни қоплаш манбалари тўғрисидаги маълумот билан якунланади. Ўрта муддатли истиқболда Давлат буджети барқарорлигини таъминлаш учун тақчиллик босқичма-босқич камайтирилиши режалаштирилган.
Нашрнинг охирги бўлими давлат қарзи ҳолати ва уни бошқариш масалаларига бағишланган. Мазкур бўлимда макроиқтисодий барқарорлик учун мақбул даражадаги давлат ички ва ташқи қарзи прогноз ҳажмлари ва динамикаси тўғрисидаги маълумотлар келтирилган.
Ушбу нашрни тақдим этиш орқали Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, 2023 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги маълумотларни кенг фойдаланувчилар учун қизиқарли бўлиши, фуқаролар билан мулоқотни кенгайтириши ва фаоллаштиришига умид билдиради.