platina.uz
Таҳлил

Миллий дастур ва махсус йил: муҳим вазифани бажаришнинг уддасидан чиқса бўладими?

Миллий дастур ва махсус йил: муҳим вазифани бажаришнинг уддасидан чиқса бўладими?
Юртимизда жорий йилги аномал совуқ кунларида газ, свет билан боғлиқ узилишлар, умумийроқ қилиб айтганда, энерготизимдаги “блэкаут” бир кун ёки бир йилда юзага келмагани барчага – масъулларга ҳам, истеъмолчиларга ҳам бирдек аён. Тизим ислоҳотларига назар соладиган бўлсак, аномал совуқда биз дуч келган муаммоларнинг ечими учун ҳаракат бундан беш йил аввал бошланган эди. Тўғрироғи, 2018 йилнинг 3 октябрида Президент Шавкат Мирзиёев электр энергетикасидаги ишлар аҳволини чуқур таҳлил қилиш, соҳани янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилашга бағишланган йиғилиш ўтказган. Мазкур йиғилишда фойдаланиш муддати 30 йилдан ошган тармоқларнинг улуши 62 фоизни ташкил этаётгани, тақсимловчи тармоқларда линияларнинг 57 фоизи ва 39,6 мингта трансформатор пунктлари янгиланиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган. 2022 йилнинг июнь ойида ўтказилган йиғилишда эса Президент айнан қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш билан бугунги каби узилишларнинг олдини олиш мумкинлигини аниқ-тиниқ тушунтириб, масъулларга кўрсатма берганди. Яъни ҳар бир ҳоким, вазир, барча даражадаги раҳбарлар шахсий намуна кўрсатиб, ўз уйи, ишхонасида муқобил энергия ускунасини ўрнатиши зарурлигини айтган. Бу вазифалар тўлақонли уддаланмаганини эса жорий йилги аномал совуқ кунларида кўрдик. Давлат раҳбари 2022 йилнинг 20 декабрида бўлиб ўтган Мурожаатномада энергия самарадорлигини ошириш мақсадида Миллий дастур қабул қилинишини ҳамда 2023 йил Ўзбекистон иқтисодиётида энергияни иқтисод қилиш йили бўлишини маълум қилди. Масъулларга берилган бу топшириқни амалда қандай бажаришади?

https://youtu.be/JexmxJy_PWc Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, бунинг биринчи ечими сифатида қуёш панелларини ўрнатиш ҳисобланади. Аслида қуёш панелларини ўрнатишдан асосий мақсад электр энергияси ва бунга сарфланаётган маблағларни тежаш, ушбу тежалган энергияни чекка ҳудудлардаги қишлоқларга йўналтиришдан иборат. Хўш, қуёш батареяларини харид қилиш учун аҳоли дастлаб қаерга мурожаат қилиши лозим, умуман бу жараёнда имтиёзлар қандай?
Дастлаб “Energymarket.uz” сайтига кириб оласиз. Ушбу сайт 2 бўлимдан ташкил топган бўлиб, сиз “Quyosh elektr stansiyalari” панели орқали ўзингиз учун қулай қувват турини белгилайсиз. Агарда сиз уйингиз ҳажмини ёки бир ой мобайнида сарф қиладиган электр энергияси ўлчовини билмасангиз, ҳеч ҳам хавотир олманг. Платформада эҳтиёжингиздан келиб чиқиб электр энергияси учун ойлик ёки йиллик тўлов миқдорини киритишнинг ўзи кифоя. Шунда сизга қандай қувватдаги қуёш батареяси зарурлиги маълум бўлади.

Энергетика вазирлиги қошидаги Энергияни тежаш жамғармаси бўлим бошлиғи Обид Аҳмедовнинг сўзларига кўра, қуёш панели ўрнатган фуқароларнинг кунлик эҳтиёжидан ортган электрни давлат 1 000 сўмдан сотиб олади. Бугунги кунда аҳоли давлатдан электр энергиясининг 1 кВтини 295 сўмдан сотиб олмоқда. Ўртадаги фарқни ўзингиз чамалаб олаверинг.
Бу ҳам фуқароларга қўшимча даромад, анчагина имтиёзлар олиб келади. Бугунги кунда “Energymarket.uz” платформасига 3 мингдан зиёд ариза келиб тушди. Жорий йилги қиш мавсуми бироз оғир ўткани сабаб ҳам бизга мурожаат қилувчилар сони ортмоқдадейди Энергияни тежаш жамғармаси бўлим бошлиғи Обид Аҳмедов.
Сиз яшаб турган уй эгаси, дейлик ўзингиз ёки ота-онангиз, яъни турар-жой кадастри кимнинг номига расмийлаштирган бўлса, айнан ўша фуқаро “Yashil energiya” платформаси орқали онлайн ариза қолдириши лозим. Шундан сўнг мутахассислар энг камида 10 иш кунида аризангизни ўрганиб чиқиб, рақамингизга қўнғироқ қилиб сизга боғланишади.
Ҳа, айтганча, сиз харид қилиб оладиган қуёш панелларининг дастлабки тўлови учун компенсация ҳам мавжуд.
Одатда қуёш тик тушадиган, дейлик, уйларнинг том ёки ҳовли қисми ёки шунга ўхшаш жойларга ўрнатиладиган қуёш панеллари белгиланган қоида асосида фойдаланилса, сизга 20 йил ва ундан ортиқ ҳам хизмат қилиб бериши мумкин. Бунга сиз харид қиладиган корхона томонидан кафолат берилади.
Қуёш батареяларини харид қилиш истагида бўлган ҳамюртларимиз учун яна бир эслатма: Сиз ўзингиз яшаб турган ҳудуддаги давлат хизматлари агентлиги, халқ қабулхоналарига мурожаат қилишингиз ёки “my.gov.uz” сайти орқали ҳам онлайн ариза топшириш имкониятига ҳам эгасиз. Бунда сиз нафақат қуёш панеллари, балки махсус сув иситгич қурилмаларини ҳам арзон нархларда харид қилишингиз мумкин. Бугунги кунда юртимизда фаолият юритаётган бир қанча банкларнинг бош офислари мутасаддиларидан олинган маълумотларга қараганда, қуёш панелларини ўрнатиш учун 60 ойга кам фоизларда 50 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ҳам берилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, бу қуёш панеллари ёз ойлари ва бошқа қуёшли кунларда 2 карра кўпроқ самара беради. 2023 йил 1 апрелдан бошлаб умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғи, қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғи ҳамда юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган элэктр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан уч йил муддатга, ўрнатилаётган қуёш панельларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга элэктр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса – ўн йил муддатга озод этилади. Шошилинг, бу имтиёзларнинг барчаси сиз учун. < p style="text-align: right;">Аббос ИМОМОВ
Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid