“Қорнининг сувини қимирлатмаган” масъуллар

Ҳисоб-китоб қилинадиган бўлса, “Масалан, бир оила сув иситиш учун бир ойда ўртача 195 минг сўм харажат қилади, дейлик. Энди улар 6 миллион сўм эвазига 200 литрли қуёш қурилмаси ўрнатса, давлатдан 2 миллион сўм компенсация олади. Бунда ҳар ой кетган харажат иқтисод бўлиши ҳисобига, сув иситиш қурилмаси 21 ойда пулини оқлайди ва “ёнга қолади”. Агар, оила компенсацияни эмас, бўлиб-бўлиб тўлашни танласа, ойлик тўлов 170 минг сўм бўлади. Яъни, ҳозирги тўловидан ҳам кам бўлади ва уч йилдан кейин иссиқ сув учун умуман харажат қилмайди”.Аммо масъулларга берилган бу топшириқлар ҳам, қилинган таҳлиллар ҳам, кескин танқидлар ҳам қоғозда қолиб кетди, ҳеч бир мансабдор “қорнининг сувини қимирлатмади”. Мазкур масалада аҳоли орасида тарғиботни кучайтирмади, маҳаллалар кесимида ушбу имкониятларни жорий қилиб намуна сифатида кўрсатмадики, бошқа истеъмолчилар ҳам қарор қабул қилиши учун... Бугун эса барчамиз ана шундай ўзибўларчилик муносабатнинг қурбони бўлиб ўтирибмиз. Бизнинг – ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг аҳволини – совуқдан қийналаётганимизни Президент ҳис қилди, негаки бу йилги совуқ бутун тизимнинг аҳволини, қишга тайёргарлик енгил-елпи бўлганини кўрсатди. Бир неча масъуллар ишдан олинди, раҳбарлар алмашди. Хўш, энди умид қилса бўладими вазият ўзгаришига? Ахир тажрибадан кўряпмизки, ҳоким алмашяпти, вазир алмашяпти, масъул алмашяпти, аммо муаммо ўша ўшалигича қоляпти... Ваҳоланки, 5 ой олдин, яъни иқтисодиёт тармоқлар, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2022/2023 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш учун 1,99 трлн. сўм ажратилган. Ҳозирча бу борада бир изоҳ бериш қийин, ахир сувни кўрмай оёқ ечма, деган гап бор. Лекин Президент ҳам изтироб билан юрагидан ўтказган оғриқли ҳолатга ечимни айнан қайта тикланувчи энергия манбаларини тезроқ ва қулай имкониятлар билан фойдаланишдан бошламасак, вазият бу яқин йиллар ичида ўнгланиши осон эмас. Яъни 1 сентябрдан жорий қилиниши белгиланган қуёш панеллари ва шамол электр станциялар ўрнатилишини оддий истеъмолчи, яъни халқдан эмас, балки айнан катта истеъмол талаб қиладиган ва давлат бюджетини қимматбаҳо машиналар харидию икки кунлик тадбирга 3 миллиардлаб сарфлаган юқори ташкилотлар, триллионларни ўмарган вазирликлардан бошлаш керак. Бунга эришса бўладими? Бизнингча, албатта ҳа. Негаки ҳокимликлар, вазирликлар ва бошқа юқори турувчи ташкилотларнинг “ма санга, ма санга” қабилидаги юқорида келтирилгани каби ўринсиз харажати олдида электр таъминотига юз фоиз қуёш панеллари ёки шамол электр ускунаси орқали эга бўлиш имкониятини яратиш учун сарфланадиган маблағлари маҳаллий бюджетга нари борса филни чивин чаққандек гап бўлар. Аммо бу харажат ҳавога учмаслиги ва фойдали бўлиши аниқ ҳақиқат. Дарвоқе, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги оғизда ёки қоғозда эмас, балки амалда бу масъулиятнинг исботини кўрсатишни бошлади.
Маълум қилинишича, бу ташаббус Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимовдан чиққан. Яъни ҳар бир шаҳар ва туман ҳокимликлари маъмурий биносида қуёш электр панелларини ўрнатилиши белгиланган.
Мазкур панеллар биринчилардан бўлиб Ғузор тумани ҳокимлик биносига ўрнатилиб, тўлиқ қувватда ишга туширилди ва электр энергияси етказиб беришни бошлади.
Қуёш панелларини ўрнатишдан асосий мақсад электр энергияси ва бунга сарфланаётган маблағларни тежаш, ушбу тежалган энергияни чекка ҳудудлардаги қишлоқларга йўналтиришдан иборат.
Таъкидлаш жоизки, бу қуёш панеллари ёз ойлари ва бошқа қуёшли кунларда 2 карра кўпроқ самара беради. Лекин минг афсуски, ушбу тизимга старт берилганига ҳам қарийб 5 ой бўлаётганига қарамай, халқдан кўра иқтисодий имконияти юқорироқ бўлган давлат ташкилотлари бу борада жим, жим, жим.