2023 йил бюджетидаги айрим номутаносибликларга жавоб борми?

Platina.uz айни масалага аниқлик киритиш учун 2023 йил 1 январдан қайта ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Бюджет қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, муҳокамалардан ўтган вақтда ушбу вазирлик Молия вазирлиги эди) ҳамда парламент юқори палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасидан изоҳ олишга ҳаракат қилди.
Хўш, тугатилган инспекцияга ажратилган маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинадими? Нималарга сарфланади?
Қайта ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги айни пайтда янги мажбуриятлар тақсимоти жараёни кетаётгани сабаб бу борада ҳозир изоҳ бера олмаслигини билдирди.
Парламент юқори палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси бюджет тўғрисидаги қонун Қонунчилик палатасида кўрилган вақтда ҳали Президент Фармони қабул қилинмаган ва янги маъмурий ислоҳотлар сабаб тугатилган ташкилот у вақтда юридик жиҳатдан ҳали мавжуд бўлганини маълум қилди.
“Шунинг учун қонунда ушбу ташкилот учун ҳам маблағ ажратилиши белгиланган. Ташкилот 1 январдан тугатилди. Қонун эса декабрда қабул қилинди. Агар ташкилот қонун қабул қилинишидан аввал расман тугатилганида пул ажратиш масаласи киритилмасди ва парламент томонидан рад жавоби берилар эди. Яна бир масала борки, инспекция тугатилса-да, унинг вазифа ва мажбуриятлари тегишинча Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги орасида тақсимланмоқда. Мазкур вазирлик ўз структурасини ишлаб чиққач, тугатилган инспекциялар учун ажратилган маблағларнинг маълум қисми давлат бюджети тўғрисидаги тегишли қонун ва қарорга ўзгартириш киритилган ҳолда уларга ўтказиб берилади. Шу ўринда қайд этиш керакки, янги маъмурий ислоҳотлар сабаб 2022 йил 21 декабрдаги ПФ-269-сонли “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони доирасида штат бирликларини мақбуллаштириш натижасида бўшайдиган маблағлар ижтимоий масалаларни ҳал этишга йўналтирилади”.Демак, қисқа фурсатда маъқулланган 2023 йил бюджет тақсимотидаги айрим номутаносибликлар қайта кўриб чиқилади ва тегишли қонун, қарорга ўзгартиришлар киритилади. Шунингдек, сўроқ саволга сабаб бўлган қарийб 14,5 млрд. сўм каби тақсимланган маблағлар ҳам “ҳавога учмайди”...




