Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Қирғиз Республикаси Энергетика вазирлигининг Қўшма баёноти имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 2021 йил 11 мартда Қирғиз Энергетика ва саноат вазирлиги ва Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ўртасида имзоланган Баённомага мувофиқ, электр энергиясини ўзаро етказиб бериш тасдиқланган жадвалларга мувофиқ амалга оширилади.
Марказий Осиё минтақасида сувнинг камлиги ҳисобга олиниб, Тўхтагул сув омборининг ўта оғир даражага тушишига йўл қўймаслик мақсадида томонлар хўжалик юритувчи субектлар ўртасидаги келишувларга асосан Туркманистон газидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини Қирғиз Республикасига етказиб берилди.
Шу билан бирга, шартнома асосидаги келишувларга мувофиқ, электр энергиясини Туркманистондан Қирғиз Республикасига Ўзбекистон энергетика тизими орқали транзит қилиш энергетика тизимларининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоқда.
Таъкидланишича, томонларнинг хўжалик юритувчи субектлари ўртасида 2023 йилда Туркманистон электр энергияси транзитини таъминлашга қаратилган тегишли шартномалар имзоланган ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро ҳурмат ва энергетика тизимлари ишлаш режимининг изчиллиги тамойиллари асосида амалга оширилмоқда.