Ўзбекистон ва Финляндия 1 млрд евродан зиёд лойиҳалар бўйича ҳамкорлик қилади
Шавкат Мирзиёев ва Александр Стубб расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказди.

Бугун Кўксарой қароргоҳида расмий ташриф билан келган Финляндия Президенти Александр Стуббни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтган.
Қароргоҳ олдидаги майдонда икки давлат байроқлари кўтарилиб, фахрий қоровул саф тортган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қутлаб, шоҳсупага таклиф этган.
Ўзбекистон ва Финляндия етакчилари фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирган.
Тантанали маросим якунлангач, биргаликда суратга тушилган ва делегациялар иштирокида олий даражадаги музокаралар бошланган.
Шавкат Мирзиёев ва Александр Стубб расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказган. Музокараларда:
- товар айирбошлашни каррасига ошириш;
- ўзаро маҳсулот етказиб беришни рағбатлантириш учун Савдони молиялаштириш қўшма жамғармасини ташкил этиш;
- Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини Европа Иттифоқи бозорларига олиб чиқиш учун сертификатлаш лабораторияларини очиш;
- геология ва муҳим материаллар, энергетика, агросаноат, рақамлаштириш, сунъий интеллект, экология, туризм ва бошқа муҳим тармоқларда кооперацияни кенгайтириш;
- 2026 йилда Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва Ишбилармонлар кенгашини таъсис этиш;
- таълим, тиббиёт ҳамда меҳнат миграцияси соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилган.
Келгуси йилда биринчи Ректорлар ва инновациялар форумини ўтказиш режалаштирилган. Президентлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашган.
Маълумот учун, Ўзбекистон – Финляндия бизнес форумининг якунида умумий қиймати 1 миллиард евродан зиёд истиқболли қўшма лойиҳалар портфели шакллантирилган.