Санитария-эпидемиологик осойишталик бўлими бошлиғи қўлга олинди
У Шўрчи туманидаги мактабгача таълим ташкилотларидан бирининг раҳбаридан пора олганда ушланди. Мансабдор МТМнинг 42 нафар ходимига санитария сертификатларини беришни ваъда қилгани маълум бўлди.

Сурхондарё вилоятида туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими бошлиғи ушланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шўрчи тумани бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Унда Шўрчи тумани санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими бошлиғи Э.Э. тумандаги мактабгача таълим ташкилотларидан бирининг раҳбари С.Х.га МТМнинг 42 нафар ходимига санитария сертификатларини беришини ваъда қилиб, 2,1 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Тошкент шаҳрида фуқаронинг омонатдаги 300 000 АҚШ долларини талон-торож қилган банк масъуллари фош этилганди.
