platina.uz
Жамият

Ўзбекистон бўйлаб бир кунда 39 тоннага яқин чиқинди тозаланди

Республика бўйлаб “Ҳаёт учун жой ажратинг” шиори остида оммавий плоггинг эко-акцияси ташкил этилди. Биргина Чимён маҳалла ҳудудидан жами 822 кг чиқинди йиғилди.

Ўзбекистон бўйлаб бир кунда 39 тоннага яқин чиқинди тозаланди

19 сентябрь “World cleanup day” — “Бутунжаҳон тозалик куни” муносабати билан Экология қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан республика бўйлаб “Ҳаёт учун жой ажратинг” шиори остида оммавий плоггинг эко-акцияси ташкил этилди.

Маълумот ўрнида: Мазкур экотадбир 2018 йилдан бери сайёрамизни оммавий тарзда чиқиндилардан тозалаш мақсадида ўтказилиб келинади. Унда 211 та давлатдан шу пайтга қадар 114 млн киши иштирок этган. Ҳар йили дунё бўйлаб кенг нишонланиладиган ушбу эко санада Ўзбекистонда ҳам бутун республика бўйича соҳа ходимлари, экофаоллар, ёшлар, жамоатчилик вакиллари иштирокида плоггинг акциялари ўтказиб келинмоқда. Бу эко-тадбирлар орқали аҳоли гавжум ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш анъанага айланган.

Акция Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан “Foton”, “UzXCMG”, “AUTO SPEC TECH” корхоналари, UNDP халқаро ташкилоти, “Uztelecom” АЖ ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, вилоят ҳокимликлари, ИИВ, Соғлиқни сақлаш ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Тошкент вилояти “Тоза ҳудуд” ДУК ҳамкорлигида ўтказилди.

Тошкент вилояти Бостонлиқ тумани “Чимён” МФЙ ҳудудида ўтказилган эко-тадбирда Агентлик масъуллари, тизим ташкилотлари ва санитар тозалаш корхоналари ходимлари, ёшлар, эко-фаоллар, оммавий ахборот воситалари вакиллари фаол иштирок этишди.

“Бутунжаҳон тозалик куни” тадбирларида республика бўйича 5 минг нафардан ортиқ иштирокчи қатнашиб, улар томонидан жами 39 тоннага яқин чиқинди ҳудудлардан олиб чиқилди. Тўпланган чиқиндилар 45 та махсус чиқинди ташувчи техникалар орқали белгиланган тартибда бартараф этилди.

Тадбирни Чиқиндиларни бошқариш агентлиги директори ўринбосари Шуҳрат Ҳайдар очиб берар экан: “Бугун ташкил этаётган ушбу тозалик экоакциямиз шунчаки бир кунлик тадбир бўлиб қолмасдан, атроф-муҳитга эътибор ва озодалиққа бўлган масъулият ҳар биримизнинг кундалик ҳаёт тарзимизга айланишини истардим. Табиатга ғамхўрлик қилишни одатга айлантириш — менинг энг катта орзуларимдан биридир”, дея таъкидлади.

Экоакцияда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Лола Раҳманбаева ҳам ўз фикрларини билдирди.

“Асосий мақсадимиз кенг жамоатчиликнинг чиқиндиларга бўлган муносабатини ўзгартириш ва бу орқали чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш. Аслида, фақат “Бутунжаҳон тозалик куни”да эмас, ҳар куни атроф-муҳитни тоза сақлашимиз лозим”, - деди Лола Раҳманбаева.

Шунингдек, Шуҳрат Ҳайдар БМТнинг “World cleanup day” глобал тармоғига уланиб, жонли эфир орқали Ўзбекистон халқаро эко-акцияда доимий иштирок этиб келаётганини ва бу йил ҳам акция кенг кўламда ташкил қилинганини таъкидлади.

Акция давомида иштирокчилар мутасадди раҳбарлар бошчилигида белгиланган ҳудудни чиқиндилардан тозалашди. Жамоавий тарзда 9 гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро тозалик учун беллашиб, энг фаоллар ғолибликни қўлга киритди.

Якуний натижаларга кўра:

1-ўрин — Полигон дирекцияси жамоаси — 279 кг;

2-ўрин — Аграр университет жамоаси — 220 кг;

3-ўрин — 172-сон мактаб жамоаси — 95 кг.

Плоггинг давомида Чимён маҳалла ҳудудидан жами 822 кг чиқинди йиғилди. Бундан ташқари, ёш эко-фаол рассомлар томонидан атроф-муҳитни озода сақлашга доир суратлар чизилди. Тадбир якунида ғолиб ва совриндор жамоалар, фаол иштирокчи ҳамда ҳамкор ташкилотлар муносиб тақдирланди.

Маълумот учун, Ўзбекистон ўтган йили “World cleanup day-2025” халқаро эко-акцияси доирасида ҳудудлар жами 55 тонна чиқиндидан тозаланган эди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid