platina.uz
Жамият

2030 йилгача давлат хизматларининг 95 фоизи онлайн шаклга ўтиши кутилмоқда

Жамоатчилик ва фуқароларнинг давлат хизматларини такомиллаштириш бўйича таклифлари рағбатлантирилади. Қайд этилишича, муайян муаммо ёки таклифни билдирган фуқарога 2 миллион сўмгача мукофот берилиши мумкин. 

2030 йилгача давлат хизматларининг 95 фоизи онлайн шаклга ўтиши кутилмоқда

2030 йилгача давлат хизматларининг 95 фоизини онлайн шаклга ўтказиш режалаштирилмоқда.

​Ўзбекистонда давлат хизматларини кўрсатишда фуқаролардан бир хил ҳужжатларни такроран талаб қилиш амалиётидан воз кечиш, давлат идоралари функцияларини аниқ ажратиш ва бюрократик жараёнларни қисқартириш режалаштирилмоқда. 2030 йилгача давлат хизматларининг 95 фоизини онлайн шаклга ўтказиш мақсад қилинган. Бу ҳақда “Бюрократиясиз Ўзбекистон” жамоатчилик ташаббусининг бошланишига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.

​Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳузуридаги Лойиҳа офиси раҳбари Азиза Умарованинг Platina.uz’га маълум қилишича, давлат хизматларини кўрсатишда асосий муаммолардан бири — фуқаролардан турли идоралар томонидан бир хил ҳужжатларнинг қайта-қайта талаб қилинишидир.

​Бунда фуқаро бир идорага тақдим этган ҳужжатини бошқа давлат ташкилотига яна олиб боришга мажбур бўлади. Бу эса ортиқча вақт ва маблағ сарфи, шунингдек, бюрократик оворагарчиликни келтириб чиқаради.

​Таклиф қилинаётган тизимга кўра, агар зарур ҳужжат давлат тизимида аллақачон мавжуд бўлса, уни фуқаронинг ўзидан қайта талаб қилиш ўрнига давлат идоралари ўзаро электрон маълумот алмашиши керак.

​Брифингда яна бир муҳим масала — давлат органлари ўртасидаги функционал такрорланишларга эътибор қаратилди.

​Таъкидланишича, бир хил ёки ўхшаш функциялар бир нечта давлат идорасига юклатилган ҳолатларда бюрократик жараёнларни қисқартириш қийинлашади. Чунки ҳар бир идора ўз ваколати доирасида алоҳида талаб ва тартибларни шакллантириши мумкин.

​Азиза Умарова шу сабабли давлат хизматлари ва функцияларини қайси идора амалга ошириши аниқ белгиланиши кераклигини таъкидлади.

​Мутасаддиларга кўра, бир функциянинг битта ваколатли давлат органида жамланиши хизмат кўрсатиш жараёнларини соддалаштириш, вақтни тежаш ва ортиқча босқичларни қисқартириш имконини беради. Аксинча, бир хил ваколат бир нечта идорага тақсимланган бўлса, улардан бири хизмат кўрсатиш тартибини соддалаштирган тақдирда ҳам, бошқа идора қўшимча талабларни сақлаб қолиши мумкин. Шу боис давлат бошқарувида функцияларни ихчамлаштириш ва ваколатларни аниқ чегаралаш бюрократияни қисқартиришнинг асосий тамойилларидан бири сифатида кўрилмоқда.

​Давлат хизматларини рақамлаштириш бўйича узоқ муддатли мақсад ҳам маълум қилинди. Унга кўра, 2030 йилгача давлат хизматларининг 95 фоизини онлайн шаклга ўтказиш режалаштирилмоқда.

​Бу давлат хизматларини олиш учун фуқароларнинг идорама-идора юришини камайтириш, хизмат кўрсатиш вақтини қисқартириш ва жараёнларни электрон шаклга ўтказишни назарда тутади.

​Бундай ёндашув доирасида суд ҳужжатлари ва бошқа давлат хизматлари билан боғлиқ жараёнларнинг ҳам рақамлаштирилиши кутилмоқда. Мутасаддилар бу борадаги мақсад амалга оширилишига умид билдирди.

​Брифингда жамоатчилик ва фуқароларнинг давлат хизматларини такомиллаштириш бўйича таклифларини рағбатлантириш масаласи ҳам кўтарилди. Қайд этилишича, муайян муаммо ёки таклифни билдирган фуқарога 2 миллион сўмгача мукофот берилиши мумкин. Бунда бир фуқаро нечта таклиф билан чиқиши мумкинлиги бўйича алоҳида чеклов йўқ.

​“Ҳеч қандай норма ишлаб чиқмадик. Таклифларга қараб, албатта, мукофотини олади”, — дея изоҳ берди Азиза Умарова.

​Бу механизм орқали давлат хизматларидаги муаммоларни бевосита фуқароларнинг ўзидан аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларни рағбатлантириш кўзда тутилмоқда.

​Агар 2030 йилгача давлат хизматларининг 95 фоизини онлайн шаклга ўтказиш мақсади амалга оширилса, бу фуқароларнинг давлат идоралари билан муносабатларидаги кўплаб жараёнларни ўзгартириши мумкин. Бироқ бунинг самараси нафақат хизматларнинг электрон шаклга ўтказилишига, балки идоралар ўртасида маълумот алмашинуви, ваколатларнинг аниқ тақсимланиши ва ортиқча талабларнинг амалда бекор қилинишига ҳам боғлиқ бўлади.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid