platina.uz
Жамият

200 мингдан ошиқ инсонни гиёҳвандлик домига тортиши мумкин бўлган наркотиклар аниқланди

Божхона ходимлари Таиланддан Ўзбекистонга 13 кгдан зиёд наркотик моддаларнинг олиб кирилишига чек қўйишди. Ҳисоб-китобларга кўра ушлаб қолинган мазкур наркотик моддаларнинг қора бозордаги қиймати охирги истеъмолчига етиб боргунига қадар 1,7 миллион АҚШ долларидан ҳам ошиб кетиши мумкин эди.

200 мингдан ошиқ инсонни гиёҳвандлик домига тортиши мумкин бўлган наркотиклар аниқланди

Божхона ходимлари Таиланддан Ўзбекистонга 13 кгдан зиёд наркотик моддаларнинг олиб кирилишига чек қўйишди.

Божхона қўмитасининг “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси тезкор тузилмалари ва “Тошкент халқаро аэропорти” чегара божхона пости ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир натижасида 13 кг.дан зиёд наркотик моддалар тўхтатиб қолинди.

Жорий йилнинг 5 сентябрь куни Таиланддан учиб келган 51 ёшли Ўзбекистон фуқароси белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди. Унга тегишли багажлар кўздан кечирилганида, 3 та вино шишаси ҳамда қадоқланган зираворлар ўрами ичидаги моддалар божхона ходимларида шубҳа уйғотди.

Шундан сўнг мазкур моддалар Божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораториясида экспертизадан ўтказилди. Натижада идишлар ичидаги тўқ жигарранг рангли ва ўткир ҳидли модда таркибида тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган, Ўзбекистон Республикасида муомаласи тақиқланган наркотик восита — “гашиш мойи” эканлиги аниқланди. Унинг умумий оғирлиги 7 килограмм 580 граммни ташкил қилди.

Тезкор суриштирувлар давомида ушбу шахс Telegram ижтимоий тармоғидаги “Абсолют” номи остида фаолият юритувчи "куратор" кўрсатмасига кўра, 1800 АҚШ доллари эвазига мазкур наркотик моддаларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириб, Самарқанд шаҳрига етказиб бериши лозим бўлганлиги маълум бўлди.

Шундан сўнг тезкор тадбир Самарқанд шаҳрида давом эттирилиб, наркотик воситаларни қабул қилиб олаётган 47 ёшли фуқаро ҳам қўлга олинди. Унинг яшаш манзили холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ердан ҳам вино шишалари, идиш ювиш гели қутиси ва шприцларга жойланган ҳолда сақланган “гашиш мойи”, шунингдек, истеъмол қилинганда сархуш ҳолатни келтириб чиқарувчи қуритилган қўзиқоринлар борлиги аниқланди.

Ушбу икки турдаги наркотик моддаларнинг умумий оғирлиги қарийб 5,5 килограммнинг ташкил қилди. Ушбу шахс Telegram'да “Right Ktrel” аккаунтидаги кураторнинг топшириғи асосида манзил ҳавола тарзида кейинчалик ушбу наркотик моддаларни тарқатиши лозим эди.

Шундай қилиб, кўп босқичли тезкор тадбир натижасида жами 13 килограмм 80 грамм “гашиш мойи”нинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, ушбу миқдордаги наркотик восита қарийб 200 минг нафар инсонни гиёҳвандлик домига тортишга етарли бўлган. Ҳисоб-китобларга кўра ушлаб қолинган мазкур наркотик моддаларнинг қора бозордаги қиймати охирги истеъмолчига етиб боргунига қадар 1,7 миллион АҚШ долларидан ҳам ошиб кетиши мумкин эди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid