platina.uz
Жамият

Қорақалпоғистонда хусусий боғча очадиган тадбиркорларга енгилликлар берилади

Уларга 15 йил муддатга, 5 йиллик имтиёзли давр билан 7 фоизли кредит берилади. Шунингдек, бир йилда 1 минг, келгуси икки йилда яна 5 минг ёшни ахборот технологиялари ва логистика соҳасида юқори даромадли иш билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Қорақалпоғистонда хусусий боғча очадиган тадбиркорларга енгилликлар берилади

Кеча Нукус шаҳрининг “Ашшикўл” ҳудудида 50 минг аҳолига мўлжалланган “Янги Ўзбекистон” массиви – “Нукус сити” қурилиши бошланди.

270 гектарда илғор архитектура ечимлари ва энергия тежамкор технологиялар асосида осмонўпар бинолар, бизнес, савдо ва сервис марказлари, яшил хиёбонлар барпо этилади. Инвестиция лойиҳаларига хориждан салоҳиятли инвесторлар жалб қилинади.

Нукусдаги Мустақиллик кўчаси тун-у кун ишлайдиган масканга айланди. 28 нафар тадбиркор иш бошлаб, 50 нафарининг фаолияти кенгайгани ҳисобига бир ҳафтада савдо тушуми 2 карра ошди.

Нур ва Елобод маҳаллалари Олмазорнинг Қичқириқ маҳалласи намунасида обод қилинади. Наврўз байрамигача шу ердаги истироҳат боғида аҳолини жалб қиладиган замонавий маскан барпо этиш топширилди.

Кегейлида 3,5 километр зовурни ёпиб, 100 та сервис объекти қуриш бошланган. Бунинг ҳисобига 320 та иш ўрни яратилади.

Қолган вилоят ҳокимларига ҳам Наврўзгача ўзларига бириктирилган туманларда биттадан маҳалла ва марказий кўчада шундай лойиҳаларни амалга ошириш вазифаси қўйилди.

Обод қилинган кўча ва маҳаллаларга аҳолининг ўзи баҳо бериши, одамлар маъқул топса, ушбу кўчаларга уларни обод қилган вилоятлар номини бериш таклифи билдирилди.

Қорақалпоғистонда 1 миллион 100 минг ёшлар бор, шундан 505 минги 14-30 ёшда. Давлатимиз раҳбари бу катта куч эканини, ёшларга тўғри йўналиш бериш муҳимлигини таъкидлади.

Бир йилда 1 минг, келгуси икки йилда яна 5 минг ёшни ахборот технологиялари ва логистика соҳасида юқори даромадли иш билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Ҳудудда хорижий тил сертификатига эга 98 минг, ахборот технологиялари бўйича 127 минг, аниқ фанлар бўйича сертификат олган 5,5 минг ёш бор. Уларнинг 10 минги чет тили ва ахборот технологияларини мукаммал билади.

Кореядаги ватандошимизнинг олис ҳудудлардаги ёшларга ахборот технологияларини ўргатиб, уларни юқори даромадли қилиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Йил якунигача шундай камида 10 нафар иқтидорли ватандошни Қорақалпоғистонга жалб этиб, лойиҳалар бошлаш топширилди.

Қорақалпоғистонда мактабгача таълим қамрови 84 фоизга етган. Бироқ Амударё, Бўзатов, Тахиатош, Тўрткўл, Чимбой, Хўжайли ва Элликқалъада бу кўрсаткич ҳали ҳам пастлиги қайд этилди.

Энди Қорақалпоғистонда хусусий боғча очадиган тадбиркорларга 15 йил муддатга, 5 йиллик имтиёзли давр билан 7 фоизли кредит берилади.

Қолган вилоятларда кредит ставкаси марказдан узоқ-яқинлигига қараб, 7 фоиздан 15 фоизгача бўлади.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid