platina.uz
Жамият

Қорақалпоғистонда экин суғоришда 38 фоиз сув йўқотилмоқда

Тўрткўлдаги “Ёнбош” каналидан йилига ўтадиган 115 миллион куб метр сувнинг 44 миллиони йўқотилади. Канал тўлиқ бетонланса, яна 9 минг гектарга сув етказиш ва 15 минг бош қорамол учун озуқа базасини яратиш мумкин. Чорвачиликда йирик комплекслар ташкил этиш учун қўшимча имкониятлар яратилади.

Қорақалпоғистонда экин суғоришда 38 фоиз сув йўқотилмоқда

Қорақалпоғистондаги 417 минг гектар экин ерини суғоришга 5 миллиард 700 миллион куб метр сув сарфланмоқда. Йўқотишлар эса 38 фоизни – 2 миллиард 100 миллион куб метрни ташкил этмоқда.

Тўрткўлдаги “Ёнбош” каналидан йилига ўтадиган 115 миллион куб метр сувнинг 44 миллиони йўқотилади. Канал тўлиқ бетонланса, яна 9 минг гектарга сув етказиш ва 15 минг бош қорамол учун озуқа базасини яратиш мумкин.

Бўзатовдаги “Эркиндарё” каналининг 8 километрини бетонлаш ҳисобига фойдаланиладиган ер 3 минг гектарга кўпаяди, 15 минг гектарда сув таъминоти яхшиланади. 3 та сув иншооти ва 22 та артезиан қудуқ барпо этилиши яна 5 минг гектар озуқа майдонини яратиш имконини беради.

Ушбу ишларга жами 135 миллиард сўм ажратиш, икки канални 1 мартгача бетонлаш топширилди. Тўрткўл ва Бўзатовда келаси йил 17 минг гектарда озуқа экиб, 2 минг одамни даромадли қилиш вазифаси белгиланди.

Сув объектларини модернизация қилиш учун Япониядан 4,5 миллион доллар грант жалб қилингани ижобий тажриба сифатида қайд этилди. Келаси йил бундай грантларни 100 миллион долларга етказиш топширилди.

Ўтган йили 30 миллиард сўм ҳисобига 276 та сув насоси энергия тежамкорига алмаштирилиб, йилига 16 миллион киловатт-соат электр тежалмоқда. 1 апрелгача Қорақалпоғистондаги 59 та, қолган вилоятлардаги яна 200 та насос янгиланади.

Қорақалпоғистонда 4 миллион 300 минг гектар яйлов ери бор. Шундан 2,5 миллион гектаридан аҳоли даромадини ошириш ва чорвани кўпайтириш учун етарлича фойдаланилмаяпти.

“Beruniy Agrostar” Қўнғирот, Беруний ва Чимбойда айланмадан чиққан 2 минг гектар ерни тиклаб, озуқа етиштиришга мослаштирмоқда. Келаси йили яна 5 минг гектар ўзлаштирилади. Бу 14 минг бош қорамол учун озуқа базаси бўлади.

Бўзатовда ҳам 7,5 минг гектар ерни озуқага мослаштиришга 100 миллиард сўм ажратилади. Озуқа етиштиришга ҳар гектар учун 500 минг сўм субсидия бериш бўйича ўн кунда қарор киритиш топширилди.

Миср тажрибасини ўрганиш учун 200 дан зиёд фермер, жумладан, қорақалпоғистонлик 26 нафар фермер ушбу давлатга юборилган. Дастлабки босқичда Қорақалпоғистоннинг 20 минг гектар майдонида Миср тажрибаси йўлга қўйилади.

Чўл ҳудудларида озуқа етиштиришни кўпайтириш учун Мисрдан мутахассислар ва технологиялар жалб этилади. Чорвачилик учун Осиё тараққиёт банкидан олинаётган 60 миллион доллар кредит ва 8 миллион доллар грант биринчи навбатда шу лойиҳага йўналтирилади.

Чорвачиликда йирик комплексдар ташкил этиш учун қўшимча имкониятлар яратилади.

Май ойида чорва бош сонини кўпайтиришга 1 триллион 600 миллиард сўм ресурс ажратилган. Амалда 5 миллиард сўмгача бўлган лойиҳаларга ўн йилга 10 фоизли кредит берилмоқда.

Қорақалпоғистонлик чорвадорларнинг 1-2 минг бошли комплекслар ташкил этиш учун кредит миқдорини 50 миллиард сўмгача ошириш таклифи қўллаб-қувватланди.

Берунийлик чорвадорлар самолётда қорамол ташиш компенсациясининг шартлари енгиллаштирилса, 5 минг бош чорва олиб келишга тайёрлигини билдирган. Энди Қорақалпоғистонга самолётда олиб келинадиган наслли буқалар қийматининг 10 фоизи, ҳар бир бош учун 4 миллион сўмгача субсидия қилинади.

Бир ойда жойи, ташаббускори ва маблағи аниқ бўлган камида 100 минг бошли чорва комплексларининг лойиҳалари шакллантирилади. Қорамол хариди учун кредит ажратиш тартиби енгиллаштирилиб, маблағлар туман штаби хулосаси асосида берилади.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid