Фарғонада овқатдан заҳарланганлар сони 57 нафарга етди
Оғир ва реанимацион беморлар йўқ. Ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари давом этмоқда.

Учкўприк туманида овқатдан заҳарланишда гумон қилинганлар 57 нафарга етди. Бу ҳақда Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси хабар қилди.
Аввал хабар берилганидек, 2026 йил 17–18 сентябр кунлари Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида истиқомат қилувчи фуқаролар ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши каби шикоятлар билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
Соат 20:00 ҳолатига 57 нафар фуқаро тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган ва шифохонага ётқизилган.
Эслатиб ўтамиз, дастлабки эпидемиологик суриштирув жараёнида мурожаат қилган фуқаролар Учкўприк тумани Наврўзшоҳ кўчасида жойлашган фаст-фуд маҳсулотлари тайёрлайдиган шохобчалардан бирида хот-дог ва нон-бургер каби маҳсулотларни истеъмол қилгани аниқланган.
Шифокорлар томонидан беморларда овқатдан заҳарланиш ҳолатига гумон қилинган. Оғир ва реанимацион беморлар йўқ.
Ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари давом этмоқда.
