Россияда сайловлар бошланди: ҳокимият хавотирлари, жамиятдаги зиддиятлар ва уруш давридаги сиёсий синов
Бу 2022 йил февралда Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан кейинги биринчи Давлат думаси сайловидир. Шу сабабли ташқи сиёсат ва уруш сайлов кампаниясининг деярли барча бошқа мавзуларига таъсир қилмоқда. Агар парламентдаги ҳозирги сиёсий мувозанат деярли сақланиб қолса, ташқи сиёсат, мудофаа харажатлари ва давлат бошқарувидаги асосий курс бўйича кескин институционал бурилишларни кутиб бўлмайди.

Россия 2026 йил сентябрида сўнгги йиллардаги энг муҳим сиёсий кампаниялардан бирига кирди. 18–20 сентябрь кунлари мамлакатда IX чақириқ Давлат думаси (Россия парламенти) депутатлари сайланмоқда. Шу билан бир вақтда саккизта ҳудуд раҳбари тўғридан-тўғри сайланади, уч субъект раҳбарини эса маҳаллий парламентлар танлайди, 39 ҳудудда қонунчилик органларига сайлов ўтказилади. Умуман, сентябрь кампанияси доирасида турли даражадаги 2200 дан ортиқ сайлов жараёни режалаштирилган. Камчатка ва Чукоткада участкалар Москва вақти билан 17 сентябрдаёқ очилган бўлсада, асосий уч кунлик овоз бериш 18 сентябрдан 20 сентябргача давом этади.
Бу сафарги сайловларни оддий парламент ротацияси деб қараш қийин. Янги Дума беш йилга сайланади. Демак, унинг ваколат муддати 2031 йилгача давом этади ва у нафақат бугунги ҳарбий-сиёсий шароит, балки кейинги президентлик цикли, бюджет сиёсати, солиқлар, ижтимоий харажатлар ва эҳтимолий урушдан кейинги даврнинг ҳам қонунчилик пойдеворини шакллантиришда иштирок этади. Россия Конституциясига кўра, Давлат думаси 450 депутатдан иборат ва беш йилга сайланади.
Сайлов тизими қандай ишлайди?
Россияда аралаш сайлов тизими амалда: 450 депутатнинг 225 нафари бир мандатли округлардан, яна 225 нафари партия рўйхатлари асосида сайланади. Партия рўйхатлари бўйича мандат тақсимотида овозлар бўйича асосий чегара — 5 фоиз.
2026 йилги кампанияда Марказий сайлов комиссияси 11 партиянинг рўйхатларини тасдиқлаш жараёнидан ўтказди. Улар орасида амалдаги парламент партиялари — «Единая Россия», КПРФ, ЛДПР, «Новые люди» ва «Справедливая Россия», шунингдек, «Яблоко» ва бир қатор кичик партиялар бор.
Шу сабабли сайлов натижасини фақат партияларнинг умумий фоизи орқали баҳолаш етарли эмас. Бир мандатли округлар натижалари ҳам парламентдаги кучлар нисбатига жиддий таъсир қилади.
Давлат думасининг аҳамияти ҳам фақат қонун қабул қилиш билан чекланмайди. У федерал бюджетни кўриб чиқади, ҳукумат фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширади, президент тақдим этган бош вазир номзодини тасдиқлайди, айрим вазирларни тасдиқлаш жараёнида иштирок этади ва Марказий банк раҳбарини тайинлаш масаласини кўриб чиқади. Шу маънода 2026 йилдаги сайлов — келгуси беш йил учун Россия давлат сиёсатининг институционал базасини шакллантириш жараёнидир.
Сайловдаги асосий фон — Украинадаги уруш
Бу 2022 йил февралда Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан кейинги биринчи Давлат думаси сайловидир. Шу сабабли ташқи сиёсат ва уруш сайлов кампаниясининг деярли барча бошқа мавзуларига таъсир қилмоқда. Reuters маълумотига кўра, Владимир Путин сайловчиларга мурожаатида овоз беришни мамлакат бирлиги, суверенитет ва ҳарбийлар қўллаб-қувватланишининг намойиши сифатида талқин қилди.
Аммо жамоатчилик кайфияти турли қатламларга бўлинади. «Левада-центр» жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг 2026 йил август ойида ўтказган сўрови натижаларига кўра, респондентларнинг 68 фоизи Россия қуролли кучларининг Украинадаги ҳаракатларини тўлиқ ёки қисман қўллаб-қувватлаган. Бир вақтнинг ўзида 59 фоиз музокараларга ўтиш тарафдори бўлган, 31 фоиз эса ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришни маъқуллаган.
Бу рақамлар бир қарашда бир-бирига қаршидек туюлади, аммо улар Россия жамоатчилик фикрида икки тенденция бир вақтнинг ўзида мавжудлигини кўрсатади: Россия армиясининг Украинадаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш юқори даражада сақланиб турган бир пайтда, респондентларнинг кўпчилиги ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришдан кўра тинчлик музокараларига ўтишни маъқулламоқда.
Яна бир муҳим кўрсаткич бор. 1 сентябрда ўтказилган сўров қатнашчиларининг 55 фоизи уруш яна бир йилдан кўпроқ давом этади деб ҳисоблаган. Бу «Левада» кузатувларидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлган. Демак, россияликларнинг «тез ғалаба» ёки «урушни тез тугатиш» борасидаги умидлари камайиб, узоқ чўзиладиган урушга руҳан мослашиб боряпти.
Жамиятдаги асосий зиддият
Россия жамиятидаги зиддиятни «уруш тарафдорлари — урушга қаршилар» тўплами тарзида оддий қилиб тушунтириб бўлмайди. Ёш гуруҳлари, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси, ахборотни телевидение ёки интернетдан оладиганлар ўртасида сезиларли фарқ кузатилади.
«Левада» маълумотига кўра, 24 ёшгача бўлганлар орасида музокара тарафдорлари 71 фоизни ташкил этган. Ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш тарафдорлари эса эркаклар (40%), 55 ёш ва ундан катта респондентлар (33%) ҳамда мамлакатда ишлар тўғри йўналишда кетаётганини айтганлар (41%) орасида кўпроқ бўлган.
Ахборот манбалари бўйича ҳам фарқ кўзга ташланади. YouTube каналларига ишонадиган респондентлар орасида музокара тарафдорлари кўпроқ бўлган, телевидение ва давлатга яқин ахборот платформаларига таянадиганларда эса ҳарбий сиёсатни қўллаб-қувватлаш юқорироқ.
Бу ҳолат Россияда сиёсий қарашларнинг авлодлар, ахборот муҳити ва урушнинг шахсий ҳаётга таъсири бўйича табақаланиб бораётганини кўрсатади.
Иқтисодиётнинг сайловга таъсири
2026 йилги овоз бериш Россия иқтисодиётида ўсиш суръатлари пасайган даврга тўғри келди. 17 сентябрь куни президент Владимир Путин 2026 йилда иқтисодий ўсиш 1 фоизгача бўлиши мумкинлигини айтди.
Reuters’нинг 3 сентябрдаги маълумотига кўра эса, январь–июль ойларида федерал бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 2,8 фоизига етган, 2026 йил учун расмий йиллик мақсад эса 1,6 фоиз этиб белгиланган.
Шу билан бирга Россияда ишсизлик жуда паст – атиги 2 фоиздан бироз юқори бўлиб қолмоқда. Аммо Reuters қайд этганидек, бу кўрсаткич меҳнат бозорида ишчи кучи танқислиги билан бирга кузатиляпти: корхоналар малакали ходим топишда қийналмоқда. Шу билан бирга, 6 фоиздан юқори инфляция ва кредитлар қимматлиги бизнес ҳамда аҳоли харажатларини чекламоқда
Бу ҳам камлик қилгандек, ёқилғи муаммоси ҳам вазиятни чигаллаштиряпти. Украина дронларининг Россия нефтни қайта ишлаш объектларига зарбалари ишлаб чиқариш ва етказиб бериш жараёнига ўта салбий таъсир қилди. Ҳукумат ички бозорни таъминлаш учун ёқилғи экспортига чекловлар киритишга мажбур бўляпти. «Левада» сентябрда эълон қилган бошқа маълумотга кўра, бензин танқислиги ҳар учинчи сўров қатнашчисининг ҳаётига жиддий қийинчилик келтирган.
Ҳукумат нимадан хавотирда?
Сайловлар олдидан ҳукумат халқ норозилигидан хавотирга тушяпти дейиш қийин. Бироқ ижтимоий-иқтисодий муаммолар гарчи бу таъсир Путин ҳокимиятига соя сола олмасада, халқ кайфиятига ва қарор қабул қилишига таъсири қилиши мумкин.
Масалан, мавжуд вазият аҳолининг сайловда қатнашиш даражасига таъсир қилади. Россия раҳбарияти сайловчилар фаоллиги ва овоз бериш кайфиятини урушдан чарчаш ёки ижтимоий норозиликнинг индикаторларидан бири сифатида диққат билан кузатаётгани аниқ. Шунингдек, иқтисодий жиҳатлар - санкциялар, юқори ҳарбий харажатлар, бюджет тақчиллиги, юқори фоиз ставкалари, солиқ юки ва ёқилғи муаммолари узоқ муддатда сиёсий кайфиятга таъсир қилиши мумкин.
Мухолифат масаласи қаерда қолади?
Расмий жиҳатдан сайловда бир нечта партия иштирок этмоқда. Аммо Россияда урушга муносабат бўйича партиялар орасидаги фарқ деярли фар қилмайди.
Reuters «Яблоко» партиясини Украинадаги урушга очиқ қарши позиция билдираётган рўйхатдан ўтган ягона партия сифатида таърифлайди. Шу билан бирга партиянинг айрим номзодлари рўйхатдан чиқарилган ёки уларга нисбатан ҳуқуқий чекловлар қўлланган.
Россия ҳукумати эса баъзи ахборот ва сиёсий чекловларни уруш шароитида миллий хавфсизлик ҳамда давлат бирлигини сақлаш зарурати билан изоҳлайди.
Халқаро кузатув масаласи ҳам баҳсли бўлиб қолди. Россия 2026 йилги Дума сайловига ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси — ODIHR кузатувчиларини таклиф қилмади. ЕХҲТ бу қарорни ташкилот доирасида қабул қилинган мажбуриятларга мос эмас, деб баҳолади. Москва эса сўнгги йилларда ғарблик кузатув ташкилотларининг холислигига шубҳа билдириб келяпти.
Овоз бериш арафасида рақамлар нимани кўрсатди?
ВЦИОМ ижтимоий фикрни ўрганиш марказининг 31 август — 6 сентябрь кунлари ўтказган сўровида «Единая Россия»ни қўллаб-қувватловчилар - 37,4 фоиз, КПРФни — 13,1 фоиз, «Новые люди»ни — 10,4 фоиз, ЛДПРни — 9,9 фоиз, «Справедливая Россия»ни — 4,5 фоиз сўралганлар танлашини айтган. Респондентларнинг 10,9 фоизи жавоб беришга қийналган, 8,4 фоизи эса сайловда қатнашмаслигини билдирган. Сўров 1600 нафар катта ёшли россиялик ўртасида ўтказилган, максимал статистик хатолик 2,5 фоиз деб кўрсатилган.
Албатта барча респондентларнинг 37,4 фоизи — сайловдаги 37,4 фоиз овоз дегани эмас. Сўралганларнинг бир қисми сайловга бормаслиги мумкин, бошқалари эса ҳали қарор қилмаган. Шу сабабли, амалда овоз бериш участкаларига келган сайловчилар орасида партия улуши оддий рейтингдан фарқ қилиши мумкин. Овоз беришда эса иштирок даражаси, бир мандатли округлар ва 5 фоизлик партия чегараси алоҳида аҳамиятга эга.
(Маълумот учун, партия рўйхати бўйича Думага кириш учун партия, қоида тариқасида, камида 5% овоз олиши керак. Масалан, бир партия 4,5% олса ва тўсиқдан ўтолмаса, унинг овозлари партиявий мандатларни тақсимлашда одатда ҳисобга кирмайди. Натижада 5 фоизлик чегарадан ўтган партияларнинг парламентдаги мандат улуши уларнинг умумий овоз улушидан юқорироқ бўлиши мумкин).
Шунинг учун 20 сентябрь кечаси фақат умумий фоиз эмас, балки учта бошқа кўрсаткич парламентдаги партиялар сони, бир мандатли округлар тақсимоти ва сайловчилар иштироки ҳам муҳим бўлади.
«Единая Россия»нинг имкониятлари
Айтиш жоиз, халқ орасида норасмий равишда “ҳукумат ва Путин партияси” деб аталувчи «Единая Россия»га фаворит сифатида қарашади. Лекин устунликни фақат партия рейтинги бермайди. нинг энг муҳим ресурсларидан бири — Давлат думаси сайловларининг ўзига хос тузилишидир.
450 депутатнинг ярми партия рўйхатлари бўйича, қолган 225 нафари эса бир мандатли округлардан сайланади. Айнан шу ерда энг йирик партиянинг якуний натижаси унинг мамлакат бўйича олган умумий фоизидан анча фарқ қилиши мумкин.
Масалан, муайян округда бир номзод 35–40 фоиз овоз олса, қолган овозлар бир нечта рақиблар ўртасида тақсимланса, унга мутлақ 50 фоизлик кўпчилик шарт эмас. Биринчи ўринни эгаллашнинг ўзи кифоя қилади. Шу боис кенг ҳудудий тармоққа ва кучли номзодларга эга партия бир мандатли округлар орқали ўзининг умуммиллий рейтингидан кўра каттароқ депутатлик улушини қўлга киритиши мумкин.
Шунинг учун сайловнинг асосий кутилмаган жиҳати фақат «Единая Россия» неча фоиз овоз олишида эмас, балки унинг номзодлари неча бир мандатли округда ғалаба қозонишига боғлиқ.
Партиянинг яна бир муҳим ресурси — президент билан сиёсий яқинлик. Владимир Путин расман «Единая Россия» раиси бўлмаса-да, партия кўп йиллардан бери Кремль сиёсий курси билан боғлиқ куч сифатида қабул қилинади. Масалан, сайловлар арафасида президент фуқароларни овоз беришга чақириб, сайловни миллий бирлик, суверенитет ва ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлаш мавзулари билан боғлайди.
Бу «Единая Россия» учун айниқса муҳим, чунки президентнинг шахсий рейтинги партиянинг ўз электоратидан кенгроқ бўлиши мумкин. Шу боис сайлов кампанияси фақат партия фаолияти атрофида эмас, балки давлат сиёсати барқарорлиги ғояси атрофида ҳам қурилади.
Шундай бўлсада, 2026 йилги сайловларда «Единая Россия» учун асосий савол рақиблардан олдинда бўлиш эмас, балки қанчалик катта парламент ресурсини қўлга кирита олиши билан боғлиқ. Чунки айнан мандатлар сони Россия уруш, санкциялар, иқтисодий секинлашув ва кейинги президентлик сиёсий циклига тайёргарлик шароитида қандай қарорлар қабул қилишига таъсир кўрсатади.
Янги Дума Россия сиёсатини ўзгартира оладими?
Табиийки, янги сайланган Думанинг таркиби унинг кейинги муддатда қандай фаолият юритишини белгилайди. Агар парламентдаги ҳозирги сиёсий мувозанат деярли сақланиб қолса, ташқи сиёсат, мудофаа харажатлари ва давлат бошқарувидаги асосий курс бўйича кескин институционал бурилишларни кутиб бўлмайди.
Бироқ парламент таркибидаги кичик ўзгаришлар ҳам ижтимоий-иқтисодий сиёсатда сезиларли аҳамият касб этиши мумкин. Пенсия, солиқлар, ҳарбийлар ва уларнинг оилаларига берилажак имтиёзлар, бюджет тақчиллигини қоплаш, бизнесга солиқ юки, миграция ва демография масалалари бўйича партиялар позициялари бир хил эмас.
Энг муҳими, IX чақириқ Дума Россия иқтисодиёти учун оғир қарорлар қабул қилиниши мумкин бўлган даврда ишлайди. Уруш давом этса, ҳарбий харажатларни молиялаштириш масаласи долзарб бўлиб қолаверади.
Уруш музокаралар воситасида якунланса, бошқа муаммолар - ҳарбийлар ва ветеранларни фуқаролик ҳаётига қайтариш, ҳудудларни молиялаштириш, мудофаа саноатига боғланган иқтисодиётни қайта мослаштириш ва ташқи иқтисодий алоқаларни бошқатдан боғлаш каби муаммолар пайдо бўлади.
Яна бир гап. Путин Украинадаги босқинчилик урушида тинч аҳоли қонини тўкаётган аскарлар (собиқ маҳбуслар, маргинал, пиёниста ва мигрантлар) Россияга қайтса, криминал вазиятни оғирлаштиришини яхши тушунади. Ҳозирданоқ урушдан ўлмай қайтган собиқ аскарлар келганига 1 ой бўлмасдан яна оғир жиноятлар қилиб қамоққа ёки урушга қайтмоқда. Шу боис Владимир Путин Украинадаги уруш иштирокчилари келажакда Россиянинг сиёсий ва бошқарув элитасининг муҳим қисмини ташкил этиши кераклигини бир неча бор таъкидлаган эди. У фронтдан қайтган ҳарбийларга таълим олиш, бошқарув тажрибасини тўплаш ва давлат тизимига кириш учун шароит яратиш зарурлигини ҳам айтган.
Бундай ёндашув оқибати ўлароқ 2026 йилги сайловда Украинада жанг қилган қарийб 200 нафар ветеран турли даражада парламент мандатлари учун номзод сифатида иштирок этмоқда.
Хулоса: сайловнинг асосий моҳияти фақат мандатларда эмас
2026 йилги Россия парламент сайловини фақат «қайси партия нечта ўрин олади?» деган савол билан чеклаш унинг сиёсий аҳамиятини камайтиради.
Асосий масала — Россия жамияти қарийб беш йиллик уруш, санкциялар, иқтисодий босим ва хавфсизлик муҳитида давлат сиёсатига қандай муносабат билдираётганида.
Овоз бериш арафасидаги сўровлар бир вақтнинг ўзида икки тенденцияни кўрсатмоқда: президент ва давлат институтига нисбатан сезиларли қўллаб-қувватлаш сақланиб турибди, лекин музокараларга талаб, урушнинг узоқ давом этишидан хавотир ва кундалик иқтисодий муаммолар ҳам жамиятнинг муҳим қисми учун долзарб. ВЦИОМ 31 август — 6 сентябрь оралиғида Путин фаолиятини маъқуллаш кўрсаткичини 67,4 фоиз, унга ишончни 73,1 фоиз деб қайд этган.
Айни пайтда, юқорида зико этилганидек, «Левада» сўровида аксарият сўралганлар Украина бўйича музокаралар тарафдори бўлган.
Бу икки рақам Россиядаги бугунги сиёсий парадоксни яхши ифодалайди: давлат раҳбариятига ишонч билан урушнинг тугашини исташ – битта қалбга жо бўла олиши мумкин экан.
Вазиятни аниқ баҳолаш учун сайловлардан - 20 сентябрдан кейин эътиборни фақат ғолиблар ва мағлубларга эмас, балки сайловчилар иштирокига, партиялар ўртасидаги овозлар қайта тақсимотига, йирик шаҳарлар ва ҳудудлар ўртасидаги фарқларга ҳам қаратиш керак бўлади.
Чунки 2026 йилги сайловнинг энг муҳим натижаси парламентдаги 450 ўриннинг расмий тақсимотидан кўра кенгроқ аҳамият касб этади. Сайлов натижалари Россия жамиятининг узоққа чўзилган уруш, иқтисодий босим ва ноаниқ келажак шароитида давлат билан муносабати қандай ўзгараётганини кўрсатувчи сиёсий индикаторга айланиши мумкин.
Абулфайз Сайидасқаров
