platina.uz
Жамият

Нукусдаги техникумда Буюк Британиянинг “Pearson BTEC” халқаро таълим дастури жорий этилди

Бу ерда дуал таълимни йўлга қўйиб, ҳудуд иқтисодиётининг етакчи тармоқлари учун мутахассислар тайёрлаш кўзда тутилган. Халқаро дастур битирувчиларига 70 дан ортиқ давлатда тан олинадиган диплом берилади.

Нукусдаги техникумда Буюк Британиянинг “Pearson BTEC” халқаро таълим дастури жорий этилди

Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳридаги 1-сон техникум фаолияти билан танишди.

Мамлакатимизда касбий таълим тизими ислоҳ қилиниб, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, ички ва халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 17 июлдаги “Республикада халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мазкур техникумда Буюк Британиянинг “Pearson BTEC” халқаро таълим дастури жорий этилди.

Дунёнинг 70 та мамлакатида қўлланилаётган ушбу дастур Ўзбекистонда илк бор мазкур техникумда йўлга қўйилди. Унинг асосий хусусияти назарий билимларни амалий кўникмалар билан уйғунлаштиришдир. Шу мақсадда таълим стандартларига мос замонавий ўқув устахоналари ва рақамли лабораториялар ташкил этилди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 11,9 миллиард сўм бўлиб, шундан 2 миллиард сўм ҳамкорлар томонидан ажратилди. Натижада 240 ўринли замонавий устахоналар яратилди. Техникумда жами 1 минг 203 нафар ўқувчи таълим олмоқда.

Муассаса 4 гектар майдонда жойлашган бўлиб, бино ва иншоотларининг умумий майдони 4,6 минг квадрат метрни ташкил этади. Бу ерда дуал таълимни йўлга қўйиб, ҳудуд иқтисодиётининг етакчи тармоқлари учун мутахассислар тайёрлаш кўзда тутилган. Халқаро дастур битирувчиларига 70 дан ортиқ давлатда тан олинадиган диплом берилади.

Хусусий ҳамкор Саловутдин Илёсов иштирокида “spin-off” таълим дастури ҳам йўлга қўйилган. Унинг доирасида 136 нафар ўқувчи талаб юқори бўлган замонавий касбларни эгалламоқда. Асосий фанлар инглиз тилида ўқитилиб, ўқув-услубий материаллар ҳам шу тилда тақдим этилмоқда. Бу ўқувчиларнинг касбий билимлари билан бирга соҳавий тил кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Амалий тайёргарлик натижасида битирувчиларнинг хорижда ишлаш имкониятлари кенгаймоқда. Жорий йилда техникумда пайвандчилик бўйича ўқитилган 25 нафар ишсиз фуқаро Эстонияга ишга юборилди. Улар ойига 3 минг еврогача иш ҳақи олмоқда.

Шунингдек, ташкил этилаётган 40 миллион долларлик саноат зонаси учун зарур мутахассисларни мазкур техникумда тайёрлаш бўйича келишувларга эришилган. Бу таълимни ишлаб чиқариш билан боғлаш ва битирувчилар бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари техникумда яратилган шароитлар билан танишди. Халқаро меҳнат бозорида малакали кадрларга талаб ортиб бораётгани қайд этилиб, ўқув жараёнларини иш берувчилар эҳтиёжларига мувофиқ ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid