"Тошкентга кўпроқ яшил масканлар керак" — Саида Мирзиёева
Президент Администрацияси раҳбари янги барпо этилаётган истироҳат боғини бориб кўриб, иссиқ иқлим шароитида дарахтлар, сув ҳавзалари ва соя-салқин жойлар аҳоли турмуш сифатига бевосита таъсир кўрсатишини таъкидлади.

Саида Мирзиёева Шайхонтоҳур туманида барпо этилиши режалаштирилган янги истироҳат боғи ҳудудини бориб кўрди.
Президент администрацияси раҳбари Тошкентга кўпроқ яшил масканлар кераклиги, иссиқ иқлим шароитида дарахтлар, сув ҳавзалари ва соя-салқин жойлар аҳоли турмуш сифатига бевосита таъсир кўрсатишини таъкидлади.

"Шайхонтоҳур туманида барпо этилиши режалаштирилган янги истироҳат боғи ҳудудини кўздан кечирдим. Бу ерда кўл, кўкаламзор майдонлар пайдо бўлади ҳамда оилавий, болалар билан дам олиш, сайр қилиш, спорт билан шуғулланиш учун барча қулайликлар муҳайё қилинади.

Бундай масканлар пойтахтимизнинг барча туманларида ташкил этилиши лозим. Шаҳарда истироҳат боғларини янада кўпайтириш, мавжуд яшил ҳудудларни асраб-авайлаш, янги экологик тоза мавзеларни барпо этиш зарур.

Тошкентни ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири шу, биз бошланган ишларни қатъий давом эттирамиз", – дейилади унинг телеграмдаги саҳифасида.

