Ўзбекистон парашахмат олимпиадасида 3-ўринни эгаллади
Ҳал қилувчи 7-турда Ўзбекистон Исроилни мағлуб этишга муваффақ бўлди. Якунда Полша термаси 1-ўринни қўлга киритди.

Ўзбекистон парашахмат олимпиадасида 3-ўринни эгаллади.
Самарқанд жаҳон шахмат байрамига мезбонлик қилмоқда. “Буюк ипай йўли” Халқаро туризм марказида 10 сентябрдан буён имконияти чекланган шахматчилар ўртасидаги 3-парашахмат олимпиадаси бўлиб ўтди.
36 та давлатдан 41 та жамоа ва 164 нафар етакчи шахматчи иштирок этган нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси учта таркиб билан қатнашди.
Ҳал қилувчи 7-турда Ўзбекистон-1 жамоаси Исроил терма жамоасини 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди.
Якунда Полша 1-ўринни, Куба 2-ўринни эгаллаган бўлса, Ўзбекистон паратерма жамоаси 11 очко билан 3-ўринга сазовор бўлди. Бу — Ўзбекистон парашахмати тарихида илк бор Олимпиадада қўлга киритилган бронза медалидир.
Таъкидлаш керак, Самарқанд мезбонлик қилган 3-парашахмат олимпиадаси жамоалар сони ва иштирокчилар қамрови бўйича ҳам рекорд натижани қайд этди.
