Ўзбекистон Макка шаҳри томонга дрон учирилишини қоралади
"Барча томонларни максимал даражада вазминлик намоён этишга, халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилишга, давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чақирамиз", дейилади расмий баёнотда.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги муқаддас Макка шаҳрига йўналтирилган учувчисиз учиш аппаратидан фойдаланилган ҳужумга уринишни қатъиян қоралади. Бу ҳақда ТИВ баёнотида айтилади.
"Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан тўлиқ бирдамлигимизни билдирамиз ҳамда муқаддас қадамжолар, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига таҳдид солувчи ҳар қандай ҳаракатларни номақбул деб ҳисоблаймиз.
Барча томонларни максимал даражада вазминлик намоён этишга, халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилишга, давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чақирамиз", дейилади расмий баёнотда.
Кескинликни камайтириш, можарони тарқалишининг олдини олиш ҳамда минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъy-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш билдирилган.
Аввалроқ Саудия томони ҳусийлар Макка шаҳри томонга дрон учиргани ҳақида хабар берганди. Бироқ ҳусийлар мазкур маълумотни инкор этган.
