Машина олиш учун келган мижозни ўлдирган банк ходими 18 йилга қамалди
Айбланувчи мижознинг ёнида пули борлиги билгач ишончига кириб, турли баҳоналар билан уни кўчага чиқишга кўндирган ва машинасида овлоқ жойга олиб борган.

Қўқонда автокредит тўлови учун олиб келинган пулни қўлга киритиш мақсадида қотиллик қилган банк ходимига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда “Миллар” дастурида хабар берилди.
Маълум бўлишича, Қўқон шаҳридаги банклардан бирида ишловчи ходим мижознинг ёнида машина тўлови учун 5700 АҚШ доллари борлигини билиб, режа тузган. Айбланувчи мижознинг ишончига кириб, турли баҳоналар билан уни кўчага чиқишга кўндирган ва машинасида овлоқ жойга олиб борган.
У ерда жабрланувчи билан атайлаб жанжал келтириб чиқарган ва йигитни ўлдириш мақсадида машинадан туширишга уринган. Марҳум қаршилик кўрсатгач, ўзи билан олиб юрган ошхона пичоғи билан унинг бўйни ва танасининг турли соҳаларига 20 мартадан ортиқ ўта шафқатсизлик билан зарба бериб, уни қасддан ўлдирган. Шундан сўнг жиноят изларини яшириш учун марҳумнинг жасадини машинага солиб, банкка қайтиб борган ҳамда иш вақти тугагач, мурдани Катта Фарғона каналига ташлаб юборган.
Олти кунлик қидирувлардан сўнг марҳумнинг жасади каналдан топилган.
Қидирув тадбирларига Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари жалб этилган. Шунингдек, маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам жараёнда иштирок этаётгани ҳақида хабар қилинганди.
Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида кўриб чиқилиб, судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисмининг “ж” ва “и” бандлари билан айбли деб топилди. Унга нисбатан 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, суд ҳукми билан марҳумнинг қонуний вакилига етказилган моддий ва маънавий зарар пуллари ундирилиши белгиланди.
