platina.uz
Жамият

Тиббиётда “5+1” шаклидаги 6 йиллик умумий бакалавриат таълими жорий этилади

Ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлашнинг икки йиллик ўқув дастурларига қабул бекор қилинади. 2027 йил 1 январдан тиббиёт, фармацевтика ва педагог ходимларнинг ойлик маошларига базавий тариф ставкаси ёки лавозим маошига нисбатан ҳар ойлик устамалар белгиланади.

Тиббиётда “5+1” шаклидаги 6 йиллик умумий бакалавриат таълими жорий этилади

Тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими тубдан такомиллаштирилади.

“Тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–191-сон, 10.09.2026 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2027/2028 ўқув йилидан бакалавриат таълим йўналишлари бўйича тиббиёт таълими соҳасига ажратилган давлат буюртмаси параметрлари таълим йўналишлари кесимида Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Вазирлик) томонидан тасдиқланади. Бунда:

- Аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш илмий-тадқиқот маркази тиббиёт ва фармацевтика кадрларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжни ўрганиш бўйича асосий ишчи орган ҳисобланади;

- қабул кўрсаткичлари тиббиёт ва фармацевтика кадрларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёждан келиб чиқиб, ҳудудлар эҳтиёжи, тиббиёт ташкилотларининг эҳтиёжи ҳамда тегишли мутахассисликлар бўйича кадрлар етишмовчилигини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади.

2027/2028 ўқув йилидан тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим ташкилотларида:

- даволаш иши бакалавриат таълим йўналиши негизида “5+1” шаклидаги (битирувчи курс талабалари бир йил тўлиқ амалиёт ўташи шаклида) 6 йиллик умумий тиббиёт бакалавриат таълим йўналиши жорий этилади;

- амалда даволаш иши бакалавриат таълим йўналишининг тегишли босқичларида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқув жараёнлари янги мослаштирилган ўқув режа ва дастурлар асосида ташкил этилади;

- умумий тиббиёт бакалавриат таълим йўналиши битирувчилари умумий амалиёт шифокори квалификациясига эга бўлади ва улар белгиланган тартибда оилавий шифокор лавозимида фаолият юритиши мумкин бўлади;

- тиббиёт соҳасининг барча бакалавриат таълим йўналишларида битирувчи курс талабалари учун тўлиқ ўқув йили давомида амалиёт ўташ тизими жорий этилади;

- стоматология йўналишида талабаларнинг амалий машғулотларини ташкил этиш мақсадида тиббиёт олий таълим муассасаларига стоматолог поликлиникалари бириктириб берилади.

2027/2028 ўқув йилидан бошлаб:

- ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлашнинг икки йиллик ўқув дастурларига қабул бекор қилинади;

- олий тиббий ҳамроҳлик иши бакалавриат таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлашда ривожланган хорижий давлатларнинг олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари жорий этилади;

- тиббий ҳамроҳлик иши мутахассислигида илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш мақсадида магистратура дастури йўлга қўйилади.

- 2027 йил 1 январдан тиббиёт, фармацевтика ва педагог ходимларнинг ойлик маошларига қуйидаги миқдорларда базавий тариф ставкаси ёки лавозим маошига нисбатан ҳар ойлик устамалар белгиланади:

-бакалавриатни тамомлаган ҳамширалар ва тиббиёт оғаларига – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 баравари;

-магистратурани тамомлаган ҳамширалар ва тиббиёт оғаларига – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 баравари;

-оилавий тиббиёт бўйича резидентурани тамомлаган оилавий шифокорлар ва шу йўналишда магистратурани тамомлаган педагог кадрларга – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 баравари.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid