platina.uz
Сиёсат

Шавкат Мирзиёевга қизил женшен, Биринчи хонимга чинни сервис: Кореяда давлат раҳбарларига қандай совғалар берилди?

Қозоғистон президентига исми туширилган премиум стол тенниси ракеткалари ҳамда таэквондо формасини тақдим этилди. Қирғизистон етакчиси Садир Жапаровга Кореянинг Gold Five премиум брендига мансуб голф паттери топширилди. Тожикистон томони эса совғалар бўйича маълумотни очиқламасликни сўраган. 

Шавкат Мирзиёевга қизил женшен, Биринчи хонимга чинни сервис: Кореяда давлат раҳбарларига қандай совғалар берилди?

Жанубий Корея президенти Ли Же Мёнг 14–16 сентябр кунлари Сеул шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари президентлари билан учрашувлар ўтказиб, уларга турли совғалар топширди.

14 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтди ва давлат раҳбарига қизил женшен маҳсулотлари ҳадя қилинди.

“Етакчи Ли президент Мирзиёевга мустаҳкам саломатлик ва фаровонлик тилаб, Жанубий Кореянинг премиум саломатлик маҳсулоти бўлган қизил женшенни тақдим этди”, дейилади Жанубий Корея президенти девони баёнотида.

Биринчи хоним Зироат Мирзиёевага эса унинг коллекцион ва антиквар керамикага бўлган қизиқиши инобатга олиниб, анъанавий корейс эстетикаси акс эттирилган, кумуш билан ишланган оқ чинни чой сервиси ва унга мос патнис совға қилинган.

Жанубий Корея президенти 15 сентябр куни Туркманистон ва Қозоғистон раҳбарлари билан ҳам учрашувлар ўтказган. От спортига қизиқадиган президент Сердар Бердимуҳамедовга Когурё давридаги Муюнчхон мақбарасидаги машҳур ов саҳнаси акс эттирилган, анъанавий чилбо усулида ишланган рамкали санъат асари совға қилинган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг севимли спорт тури стол тенниси экани ва келаси йили Қозоғистон таэквондо бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилишини инобатга олиб, президент Ли унга икки давлат байроқлари ва Тўқаевнинг исми туширилган премиум стол тенниси ракеткалари ҳамда таэквондо формасини тақдим этган. Ракетка анъанавий корейс ҳанжи қоғозидан ясалган махсус ғилофга солинган. Формага эса икки давлат байроқлари ва Қозоғистоннинг таниқли рамзларидан бири бўлган қор қоплони тасвири туширилган. Бундан ташқари, саммит муносабати билан Марказий Осиё давлатлари байроқлари Lotte World Tower биносида алоҳида ёритилган.

16 сентябр куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашувда унга совға сифатида исми ўйиб ёзилган Кореянинг Gold Five премиум брендига мансуб голф паттери топширилган. Совғани танлашда 2026 йилнинг июль ойида Қирғизистонда илк халқаро стандартдаги голф майдони очилгани инобатга олинган. Шунингдек, Жанубий Корея раҳбари Садир Жапаровга ҳам Ўзбекистон президенти каби мустаҳкам саломатлик тилаб, қизил женшен совға қилган.

Биринчи хоним Ойгул Жапаровага эса анъанавий корейс торли чолғу асбоби шаклидаги декоратив буюм топширилган. Президент маъмуриятининг тушунтиришича, танловда Қирғизистоннинг хорижий етакчиларга миллий мусиқа асбобларини тақдим этиш анъанаси ҳисобга олинган.

Корея томони Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон учун ҳам махсус совға тайёрлаган. Бироқ совға ўрамида нима борлиги очиқланмаган, чунки Тожикистон томони ўзаро алмашилган совғалар мазмунини матбуотга ошкор қилмасликни сўраган, дейилади хабарда.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid