Экология ва кадастрлар палатаси ходимлари тезкор тадбирда ушланди
Улар давлат захирасидаги 2 гектар ер майдонини кадастрда ишловчи таниш орқали аукционга чиқариб арзон нархда олиб беришни ваъда қилган.

Ер олиб беришни ваъда қилган туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими ва Давлат кадастрлар палатаси ходимлари ушландилар.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Олтинсой тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Унда Узун тумани Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бош мутахассиси М.Б. 2 000 АҚШ доллари эвазига фуқаро Р.Ю.га "Уланқул" МФЙ ҳудудидаги давлат захирасидаги 2 гектар ер майдонини кадастрда ишловчи таниши орқали аукционга чиқариб арзон нархда олиб беришини айтган.
У ушбу пуллар ҳисобидан 12 млн сўмни олган вақтида ушланиб, давом этган тезкор тадбирда Узун тумани Давлат кадастрлар палатаси ерларни аукционга чиқариш шўъбаси етакчи мутахассиси К.Н. 12 млн сўмни М.Б.дан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
