platina.uz
Мақола

238 нафар гўдак тақдири: SSPEга чалинган болалар қизамиқ вакцинасини олганмиди?

Ўзбекистонда қизамиқ хасталиги ва унинг ортидан болаларда кузатилаёган ўта оғир касаллик борасидаги вазият долзарб тус олмоқда. Республикада SSPE ташхиси билан назоратда турган бемор болалар сони 238 нафарга етган.

238 нафар гўдак тақдири: SSPEга чалинган болалар қизамиқ вакцинасини олганмиди?

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида қизамиқ хасталиги ва унинг ортидан болаларда кузатилаёган ўта оғир касаллик борасида турли хабар ва видеолар кенг авж олди. Аҳоли орасида ваҳималар эса кучайиб бормоқда. Бироқ бу хавотирлар бирмунча асосли. Болаликда ўтказилган қизамиқ баъзан йиллар давомида ҳеч қандай белги бермай, кейинчалик бош мияни жиддий зарарлайдиган ўта оғир касаллик — субакут склерозловчи панэнцефалит, яъни SSPEга олиб келиши мумкин.

Ўзбекистонда бу масала янада долзарб тус олмоқда. Республикада SSPE ташхиси билан назоратда турган бемор болалар сони 238 нафарга етган. Афсусланарли жиҳати - уларнинг 133 нафари, яъни 55,8 фоизи, миллий эмлаш календарига мувофиқ қизамиққа қарши вакцина олмаган. Натижада бу митти беморларнинг 228 нафари — 95,8 фоизи — бир ёшга тўлмасидан олдин қизамиқ билан касалланган.

Бу рақамлар SSPEни фақат алоҳида бир тиббий муаммо сифатида эмас, балки қизамиқнинг олдини олиш, чақалоқни ҳимоя қилиш ва эмлаш қамровини юқори даражада ушлаб туриш масаласи сифатида кўриш зарурлигини кўрсатади.

SSPE нима ўзи?

SSPE — қизамиқ вируси билан боғлиқ жуда кам учрайдиган, аммо ниҳоятда оғир неврологик асоратдир. У қизамиқ инфекциясидан бир неча йил ўтгач пайдо бўлиши мумкин. Шу сабабли ота-она боласи қизамиқдан тузалганидан кейин хавф бутунлай ортда қолди, деб ўйлаши мумкин.

Аслида эса қизамиқ вирусининг айрим ҳолатларда марказий асаб тизимида сақланиб қолиши ва йиллардан кейин оғир жараённи келтириб чиқариши мумкинлиги илмий тадқиқотларда исботланган.

Ўзбекистондаги маълумотларда SSPE одатда қизамиқдан 7–10 йил ўтгач намоён бўлиши қайд этилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам қизамиқни оддий тошма ва иситма билан чекланадиган касаллик сифатида эмас, балки оғир асоратлар, жумладан энцефалит ва SSPE хавфи билан боғлиқ инфекция сифатида баҳолайди.

Шунинг учун SSPEни қандай даволаш устида эмас, балки болани аввало қизамиқдан қандай асраш устида бош қотиришимиз лозим.

238 нафар бемор тақдири

Ўзбекистондаги расмий маълумотлар SSPE муаммосининг кўламини тушунишга ёрдам беради. Республика бўйича назоратда турган 238 нафар беморнинг 133 нафари — 55,8 фоизи — қизамиққа қарши эмланмаган. Қолган 105 нафар, яъни 44,1 фоизи, вакцина олган деб қайд этилган.

Бир қарашда иккинчи рақам аҳолида ҳақли савол туғдиради: агар 105 нафар бемор вакцина олган бўлса, шу вакцина SSPEга сабаб бўлганми? Бундай шошилинч хулоса вакцинацияга қарши норозилик тўлқинига асос бўлиши табиий. Бироқ мавжуд маълумотлар бу хулосани қўллаб-қувватламайди. Аксинча, эмланган 105 беморнинг 83 нафари — 80 фоизи — вакцина олишдан олдин қизамиқ билан касалланган. Демак, бу ҳолатларда бола аввал табиий, яъни «ёввойи» қизамиқ вирусига дуч келган, кейин эса эмланган.

Бу жуда муҳим фарқ. Вакцина олган бўлиш билан вакцина сабабли касал бўлиш бир хил тушунча эмас. Илмий маълумотлар ҳам қизамиққа қарши вакцина SSPEни келтириб чиқармаслигини кўрсатади. Аксинча, қизамиқка қарши самарали эмлаш дастурлари SSPE ҳолатларини камайтиришга хизмат қилади. Вакцина вируси SSPEни келтириб чиқариши ҳақидаги гипотеза эпидемиологик ва вирусологик тадқиқотлар билан тасдиқланмаган.

Нега айнан 2019 йилда туғилган болаларда кўп учраган?

Назоратдаги 238 нафар беморнинг 185 нафари, яъни 77,7 фоизи, 2019 йилда туғилган. Яна 21 нафари 2023 йилда, 18 нафари 2018 йилда туғилган. 2015–2024 йилларнинг бошқа йилларига эса нисбатан кам сондаги ҳолатлар тўғри келади.

Ҳужжатларда 2019 йилда туғилган болаларнинг катта қисми бир ёшгача — 2020 йилда қизамиққа қарши режали вакцина олиши керак бўлгани, аммо айнан шу даврда COVID-19 пандемияси ва карантин чоралари эмлаш дастурининг аҳолини тўлиқ қамраб олишига салбий таъсир қилгани қайд этилган.

Яна бир муҳим маълумот бор: статистик таҳлилларда ота-оналарнинг тахминан 10 фоизи эмлаш дастурига масъулиятсиз муносабатда бўлиши ёки унга қарши бўлиши қайд этилган. Демак, SSPE статистикасида пандемия сабаб юзага келган эмлашдаги узилишлар, қизамиқ эпидемиялари ва эмлашдан бош тортиш каби бир нечта омиллар бир-бири билан уйғунлашган.

Энг катта хавф — қизамиқнинг ўзи

Қизамиқ ниҳоятда юқумли касаллик. Маълумотларга кўра, битта эмланмаган бемор ўртача 12–18 кишига инфекция юқтириши мумкинлиги кўрсатилган.

ЖССТ ҳам қизамиқни дунёдаги энг юқумли инфекциялардан бири деб баҳолайди. У пневмония, энцефалит, оғир ич кетиши, сувсизланиш, кўриш қобилиятининг бузилиши ва бошқа асоратларга олиб келиши мумкин. Болаларда, айниқса беш ёшгача бўлганларда, оғир кечиш хавфи юқори.

Қизамиқнинг яна бир хавфли хусусияти шундаки, касалликнинг ўзи иммун тизимига зарар етказиб, организмнинг бошқа инфекцияларга қарши курашиш қобилиятини ҳам маълум вақт заифлаштириши мумкин.

Шу сабабли «болаликда қизамиқ билан оғриш- кафолатланган табиий иммунитет беради» деган ёндашув тиббий нуқтаи назардан хавфсиз стратегия эмас. Табиий инфекция иммунитет ҳосил қилиши мумкин, аммо бу иммунитетга эришиш учун бола аввал касалликнинг ўзини бошдан кечириши керак. Айнан шу жараённинг ўзи эса пневмония, энцефалит ва SSPE каби асоратлар хавфини олиб келади.

Она сути — биринчи табиий ҳимоя

Бу ерда она сути масаласи алоҳида аҳамиятга эга. Чақалоқ ҳаётининг дастлабки ойларида она сути нафақат озиқланиш манбаи, балки иммунологик ҳимоянинг муҳим қисми ҳамдир. Унинг таркибида иммун тизимига ёрдам берадиган турли ҳимоя омиллари мавжуд.

Шунингдек, бола туғилгунга қадар она организмидан йўлдош орқали ўтган антитаначалар чақалоққа ҳаётининг дастлабки даврида вақтинчалик ҳимоя беради. Аммо бу ҳимоя абадий эмас: вақт ўтиши билан онадан ўтган антитаначалар миқдори камаяди.

Қизамиқ масаласида бу жуда муҳим. Чақалоқнинг ҳаётининг илк ойларидаги ҳимояси пасайиб бораётган бир вақтда унинг ўз иммун тизими ҳали тўлиқ шаклланмаган бўлади. Шунинг учун бир ёшгача бўлган бола қизамиқ юқтириб олса, жиддий асоратлар хавфи юқори бўлади.

Она сути шу маънода ниҳоятда муҳим. Лекин бир нарсани аниқ айтиш керак: она сути қизамиқ вакцинаси ўрнини босмайди. Эмизиш — боланинг умумий соғлом ривожланиши ва инфекцияларга қарши ҳимояси учун муҳим омил. Эмлаш эса муайян инфекцияга қарши мақсадли иммун ҳимояни шакллантириш воситасидир. Иккаласини бир-бирига қарши қўйиш эмас, аксинча, уларнинг вазифасини тўғри тушуниш керак.

Нега вакцинация масаласи янада долзарб?

Ўзбекистонда Миллий профилактик эмлаш календари доирасида болалар 13 турдаги бошқариладиган юқумли касалликка қарши давлат ҳисобидан бепул эмланади. Бу рўйхатга қизамиқ, қизилча ва паротит ҳам киради.

Эмлаш тизими туғилган кундан бошланади ва боланинг турли ёш босқичларида давом этади. Қизамиққа қарши биринчи режали доза бола 12 ойлик бўлганида берилади. Эпидемиологик хавф мавжуд бўлган ҳудудларда эса вакцинацияни 6 ойликдан бошлаш мумкин. Кейинги доза мактабгача даврда, одатда 6 ёш атрофида берилади.

Бу ерда 6 ойлик вакцинация билан 12 ойлик режали вакцинацияни аралаштирмаслик керак. Биринчиси эпидемиологик вазият ва хавфга қараб эртароқ ҳимоя яратиш чораси; иккинчиси эса миллий календардаги режали эмлашдир.

ЖССТ икки дозали қизамиқ вакцинациясини асосий стратегия деб ҳисоблайди. Икки доза биринчи дозадан кейин иммунитет ҳосил бўлмаган болаларни ҳам қўшимча ҳимоя қилиш имконини беради.

Нега «95 фоиз» рақами муҳим?

Қизамиқ каби ўта юқумли инфекцияни назорат қилиш учун аҳолида иммунитет даражаси жуда юқори бўлиши керак.

ЖССТ қизамиқ авж олишларининг олдини олиш учун ҳар бир ҳудудда икки дозали вакцинация қамровини камида 95 фоиз даражасида ушлаб туриш зарурлигини таъкидлайди. Бу рақам шунчаки статистик меъёр эмас. Агар аҳолининг катта қисми иммунитетга эга бўлса, вирус юққан тақдирда ҳам унинг тарқалиш занжири тезроқ узилади. Аксинча, эмланмаганлар сони ортиб борса, вирус учун янги «бўшлиқлар» пайдо бўлади.

Бу ерда жамоавий иммунитетнинг яна бир муҳим вазифаси намоён бўлади. Ҳамма болаларни ҳам айрим тиббий сабабларга кўра эмлаш мумкин эмас. Демак, уларни ҳимоя қилиш учун атрофидаги аҳолининг етарлича катта қисми иммунитетга эга бўлиши керак. Шу маънода вакцинация — фақат бир оиланинг шахсий қарори эмас. У жамиятдаги энг заиф қатламларни ҳам ҳимоя қилиш воситасидир.

Ўзбекистон учун муҳим сигнал

Ўзбекистоннинг эмлаш тизими сўнгги ўн йилликларда сезиларли даражада кенгайди. 2000 йилгача болалар олти турдаги инфекцияга қарши режали эмланган бўлса, бугун миллий календар 13 турдаги инфекцияни қамраб олади.

Бу катта ютуқ. Аммо тиббиётда эришилган натижани сақлаб қолиш уни қўлга киритишдан кам аҳамиятли эмас. ЖССТ маълумотларида Ўзбекистонда қизамиқнинг эндемик тарқалиши қайта тиклангани қайд этилган. Бу «эмлаш тизими ишламай қолди» дегани эмас. Аксинча, юқори қамровни ҳар бир ҳудудда ва ҳар бир аҳоли қатламида барқарор сақлаш қанчалик муҳимлигини кўрсатади.

SSPE бўйича 238 нафар бемор ҳақидаги маълумотлар ҳам шу ҳақиқатни бошқа томондан кўрсатиб турибди. Бу рақамларнинг ҳар бири ортида алоҳида бола, алоҳида оила ва узоқ давом этадиган тиббий муаммо бор.

Шу билан бирга, давлат ҳам бу болаларни ёлғиз қолдирмаяпти. 2026 йилда SSPE билан оғриган болаларни қимматбаҳо дори воситалари, жумладан одам иммуноглобулини-G ва махсус озиқ-овқатлар билан 100 фоиз бепул таъминлаш учун 11,9 миллиард сўм ажратилган. Болалар миллий тиббиёт марказида янги тиббий амалиётлар жорий қилинган, 22 нафар болада Оммайя резервуари ўрнатиш амалиёти бажарилган ва 237 нафар SSPE бемори бўйича ягона электрон реестр шакллантирилган. Албатта бу чоралар касаллик оқибатларини енгиллаштириш учун муҳим. Лекин жамоат саломатлиги нуқтаи назаридан энг самарали йўл барибир касалликнинг олдини олишдир.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid