Президент 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси қатнашчиларига табрик йўллади
Ҳозирда мамлакатда халқаро гроссмейстер унвонига эга бўлган 32 нафар шахматчи бор, 5 нафар етакчи шахматчимиз жаҳон рейтингидаги “энг кучли юзталик”дан мустаҳкам ўрин эгаллаб келмоқда.

Президент 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси қатнашчиларига табрик йўллади.
Президент табригида қайд этилишича, бугунги кунда шахмат билан оммавий шуғулланувчилар 2 миллион нафардан, рейтингга эга бўлган профессионал шахматчиларимиз сони эса 6 минг нафардан зиёдни ташкил этмоқда.
Мамлакатимизда халқаро гроссмейстер унвонига эга бўлган 32 нафар шахматчимиз бор.
Эътиборли жиҳати шундаки, 5 нафар етакчи шахматчимиз жаҳон рейтингидаги “энг кучли юзталик”дан мустаҳкам ўрин эгаллаб келмоқда. Ўзбекистон эркаклар жамоаси ФИДЕ рейтингида 204 та давлат орасида 8-ўринга, аёллар жамоаси эса 20-ўринга кўтарилгани ҳам диққатга сазовордир.
Мамлакатимиз терма жамоасининг 2022 йилда 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ғолиби бўлгани, 2024 йилги Олимпиадада совриндорлар сафидан жой олгани, истеъдодли гроссмейстерларимиз нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётгани, ҳеч шубҳасиз, миллий шахмат спортимиз тарихида янги саҳифалар очмоқда.
Жавоҳир Синдоровнинг жаҳон чемпионлиги учун даъвогарлар турнирида ғолиб бўлиб, жаҳон кубогини қўлга киритгани, Нодирбек Абдусатторовнинг блиц бўйича жаҳон чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлгани, ёш шахматчиларимиз халқаро чемпионатларда юксак ўринларни эгаллаётгани бизга чексиз ғурур бағишлайди, дейилади табрикда.
"Бундай йирик мусобақалар бизнинг халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун катта байрам, улкан маҳорат мактабига айланиши, мамлакатимизнинг дўстлик ва ҳамкорлик диёри сифатидаги халқаро обрў-эътиборини янада оширишига аминман. Бугунги олимпиада дунё ёшларига муҳим бир ҳақиқатни намоён этмоқда: инсониятнинг умумий келажаги куч эмас – ақл ва билим, адоват эмас – дўстлик ва ҳамжиҳатлик, бефарқлик эмас – эзгу мақсадлар йўлидаги қатъият асосида бунёд этилади", дейилади президент табригида.
