Ўзбекистон ва Корея Республикаси Маданий ҳамкорлик бўйича қўмита тузишга келишиб олди
“Корея – Марказий Осиё дўстлик кутубхонаси” ташаббуси доирасида Бухоро шаҳрида “Буюк Ипак йўли кутубхонаси”ни барпо этиш лойиҳасини биргаликда амалга ошириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Корея Республикаси Маданий ҳамкорлик бўйича қўмита тузишга келишиб олди. 15 сентябр куни Сеулда Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Корея Республикаси маданият, спорт ва туризм вазири Чхве Хви Ён ўртасида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, мавжуд ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги муносабатларнинг алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилгани икки томонлама ҳамкорликни, хусусан, маданият соҳасидаги алоқаларни янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган 200 мингдан ортиқ корейс миллатига мансуб юртдошларимиз икки халқ ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутувчиси қайд этилди.
Учрашувда айни кунларда Корея Республикасининг Кочхан, Борион, Сеул, Чонджу, Андон ва Сунчхон шаҳарларида ўтказилаётган “Ўзбекистон маданияти кунлари” икки давлат ўртасидаги маданий алмашинувларнинг амалий ифодаси сифатида эътироф этилди.
Мулоқот давомида маданий ҳамкорликни тизимли ва доимий асосда ривожлантиришга қаратилган янги ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, икки вазирлик ўртасидаги қўшма маданий лойиҳаларни мувофиқлаштириб борувчи Маданий ҳамкорлик бўйича Қўшма амалий ишчи қўмитасини ташкил этиш таклиф қилинди.
Шунингдек, “Корея – Марказий Осиё дўстлик кутубхонаси” ташаббуси доирасида Бухоро шаҳрида “Буюк Ипак йўли кутубхонаси”ни барпо этиш лойиҳасини биргаликда амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди. Томонлар, шунингдек, маданият ва санъатнинг турли йўналишларида қўшма лойиҳаларни кўпайтириш, ижодкорлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, тажриба алмашиш ҳамда маданий алмашинув дастурларини янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.
Учрашув якунида билдирилган ташаббусларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш, маданий ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантириш ҳамда икки мамлакат ижодкорлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
