Бухородаги нефт сақлаш омборида ёнғин юз берди
Ҳодиса сабаб 3 киши жароҳат олган. "Ўзбекнефтгаз" ҳодиса ишлаб чиқариш қувватларига таъсир этмаслиги маълум қилди.

15 сентябр куни Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги нефт маҳсулотларини сақлаш омборида ёнғин содир бўлди.
ФВВ маълумотига кўра, соат 10:30 да «112» тизимига Чўлқувар маҳалласидаги нефть омбори резервуарларидан бирида ёнғин чиққанлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Ҳодиса жойига 14 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб қилинган. Ёнғин 48 дақиқада тўлиқ ўчирилган. Натижада битта ёқилғи резервуари зарарланган.
Ҳодиса сабаб 3 киши жароҳат олгани маълум қилинди.
"Ўзбекнефтгаз" матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди. Унга кўра, ушбу резервуарлар завод ҳудудидан ташқарида жойлашган бўлиб, ишлаб чиқариш қувватларига таъсир этмаслиги маълум қилинади.
Ҳозирда ҳодиса оқибатларини тўлиқ бартараф этиш бўйича барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
