platina.uz
Мақола

Покистонда илк бор: ҳарбий қўмондонлик ҳокимият институтига айланганда

Покистон оддий ҳарбий бошқарув ислоҳотидан анча кенгроқ маънога эга бўлган қадамни ташлади. 2026 йил август ойида қабул қилинган Defence Forces of Pakistan Act, 2026 билан Chief of Defence Forces (CDF) — Мудофаа кучлари бош қўмондони лавозими ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Унга қуруқликдаги қўшинлар, ҳарбий-денгиз кучлари ва ҳарбий-ҳаво кучлари бўйсунади. Ушбу лавозимни биринчи бўлиб фельдмаршал Осим Мунир эгаллади. 

Покистонда илк бор: ҳарбий қўмондонлик ҳокимият институтига айланганда

Покистон парламенти мамлакат тарихида биринчи марта армия бош қўмондони Осим Мунирга қуролли кучларнинг барча турлари устидан кенгайтирилган бошқарув ваколатларини берди. Эндиликда у қуруқликдаги қўшинлар билан бир қаторда ҳарбий-денгиз ва ҳарбий-ҳаво кучларига ҳам яккабош қўмондонлик қилади.

Янги тартибга кўра, Мунир Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида розилигисиз қуролли кучларнинг барча турларида хизмат қилаётган ҳарбийларни лавозимидан озод қилиш, захирага ўтказиш ёки хизматда қолдириш ҳуқуқига эга.

Унинг мазкур лавозимдаги ваколат муддати беш йилни ташкил этиб, камида 2030 йилгача давом этади. Шунингдек, унга фельдмаршал унвони берилгани муносабати билан бу мақом умрбод сақланиши белгиланган.

Янги қонун Мунирга умрбод ҳуқуқий дахлсизлик ҳам кафолатлайди. Уни лавозимидан четлатиш масаласи эса парламентда оддий кўпчилик билан эмас, балки малакали кўпчилик овози билан ҳал этилади.

Тарихдаги илк ваколат

Таъкидлаш керак, бу йўл билан Покистон оддий ҳарбий бошқарув ислоҳотидан анча кенгроқ маънога эга бўлган қадамни ташлади. 2026 йил август ойида қабул қилинган Defence Forces of Pakistan Act, 2026 билан Chief of Defence Forces (CDF) — Мудофаа кучлари бош қўмондони лавозими ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Унга қуруқликдаги қўшинлар, ҳарбий-денгиз кучлари ва ҳарбий-ҳаво кучлари бўйсунади. Ушбу лавозимни биринчи бўлиб фельдмаршал Осим Мунир эгаллади ва у бир вақтнинг ўзида армия бош қўмондони лавозимини ҳам сақлаб қолди. Покистон Миллий Ассамблеяси мазкур қонунни 2026 йил 20 августда расмий равишда қонунлар рўйхатига киритди.

Бироқ вазиятни тушуниш учун муҳим хронологик аниқлик киритиш лозим. Ҳозирги тизим 2026 йилда “осмондан тушиб” қолмади. 2025 йил ноябрь ойида қабул қилинган 27-конституциявий тузатиш билан унинг конституциявий пойдевори қўйилган эди. Ушбу тузатиш Қўшма штаб бошлиқлари қўмитаси раиси лавозимини тугатиб, армия бош қўмондонига бир вақтнинг ўзида CDF мақомини берди. Кейинчалик армия, ҳарбий-ҳаво кучлари ва ҳарбий-денгиз кучлари тўғрисидаги қонунларга киритилган ўзгартишлар ҳамда 2026 йилги қонун ушбу конституциявий моделни амалий бошқарув тизимига айлантирди.

Демак, гап бу ерда фақат битта генералнинг ваколатларини кенгайтириш ҳақида кетмаяпти. Покистонда учта қуролли куч тури ўртасидаги ваколатлар тақсимоти ва шу билан бирга фуқаролик давлати билан ҳарбий элита ўртасидаги кучлар мувозанатининг ўзи ўзгармоқда.

Мувофиқлаштиришдан - ягона қўмондонликка

Ислоҳотдан олдин бунга энг яқин институт 1976 йилда ташкил этилган Chairman Joint Chiefs of Staff Committee — Қўшма штаб бошлиқлари қўмитаси раиси лавозими эди. Бироқ бу, асосан, мувофиқлаштирувчи институт бўлиб, унинг раҳбари ҳарбий-денгиз ва ҳарбий-ҳаво кучлари устидан тўлиқ оператив қўмондонлик ваколатига эга эмас эди.

Янги CDF лавозимининг асосий фарқи айнан шунда. Энди федерал ҳукуматдан ҳарбий қисмларгача бўлган аниқ қўмондонлик вертикали шакллантирилди ва CDF барча қуролли кучларнинг реал оператив қўмондонига айланди.

Ҳарбий нуқтаи назардан ҳукуматнинг далиллари мантиқий кўринади. Замонавий уруш энди алоҳида қуруқлик, ҳаво ёки денгиз операцияларидан иборат эмас. Дронлар, кибероперациялар, сунъий йўлдош разведкаси, ракеталар ва учувчисиз тизимлар ягона режалаштиришни талаб қилади. Ҳиндистон билан чегарадаги инқироз ёки минтақавий эскалация хавфи пайтида ягона қарор маркази бюрократик кечикишларни камайтириши мумкин.

Ислоҳот тарафдорлари айнан шу жиҳатни унинг асосий мақсади сифатида кўрсатмоқда: қўшин турлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, алоҳида тузилмалар ўртасидаги рақобатни камайтириш ва қарор қабул қилишни тезлаштириш.

Истеъфодаги генерал Наим Холид Лодҳи CDFни «ҳақиқий қўмондон» сифатида тавсифлаган ва аввалги институт бундай ваколатга эга бўлмаганини таъкидлаган. Аммо бошқарув самарадорлиги билан ҳокимиятнинг марказлашуви бир хил нарса эмас.

Нега ислоҳот хавотир уйғотади?

Асосий сиёсий савол CDF буйруқларни қанчалик тез бера олишида эмас. Асосий савол — агар ҳарбий раҳбариятнинг сиёсий қарорлари мудофаа бошқаруви доирасидан чиқиб кетса, уни ким тўхтата олади?

Бу ерда Покистоннинг тарихий тажрибаси алоҳида аҳамият касб этади. Мамлакатда ҳарбийларнинг сиёсатдаги роли тарихан жуда кучли бўлган. Сиёсатшунос Оқил Шоҳ Покистон тизимини узоқ вақт давомида шаклланган «преториан» тартиб сифатида тавсифлайди: яъни қуролли кучлар ўнлаб йиллар давомида давлат сиёсатининг марказий институтларидан бири бўлиб келган.

Покистон 1958, 1977 ва 1999 йилларда ҳарбий тўнтаришларни бошдан кечирган, 1969 йилда эса ҳарбий ҳокимият ичида алмашинув юз берган. Тўғридан-тўғри ёки билвосита ҳарбий бошқарув даврлари фуқаролик институтлари ваколатларини узоқ вақт чеклаб келган.

Шунинг учун бугунги ислоҳотни фуқаролик назорати барқарор шаклланган давлатлардаги оддий қўмондонлик ислоҳоти билан тенглаштириб бўлмайди. Айниқса кадрлар масаласи нозик масала. Янги моделда уч турдаги қуролли кучларнинг юқори мартабали ҳарбий хизматчиларига оид қарорлар қуруқликдаги қўшинлар вакили бошчилигидаги вертикал тизимнинг бир қисмига айланади. Танқидчилар бу ҳолат расмий жиҳатдан мустақил бўлган денгиз ва ҳаво кучларини амалда армия марказига қарам қилиб қўйиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Ҳуқуқшунослар эса CDFнинг кадрлар бўйича қарорлар қабул қилиш ваколати кенгайганига ва аввалги ҳукумат билан келишиш тартибларининг қисқарганига эътибор қаратмоқда. Демак, ўзгариш нафақат оператив, балки институционал ҳокимиятга ҳам тааллуқлидир.

Армия денгиз ва ҳаво кучларидан устун мавқега эга бўлмоқда

Стратегик қўмондонлик масаласи айниқса муҳим. 2025 йилги конституциявий ислоҳот доирасида National Strategic Command қўмондони лавозими жорий этилиб, бу лавозим армия вакилига тегишли бўлиши белгиланди. Шу билан бирга, беш юлдузли ҳарбий унвон билан боғлиқ умрбод мақом ва ҳуқуқий ҳимоя нормалари ҳам киритилди.

Ядровий қуролга эга давлатда бундай марказлашувнинг аҳамияти янада юқори. Оддий ҳарбий тизимда қайси қўшин тури кўпроқ институционал таъсирга эга эканлиги бюрократик мувозанат масаласидир. Ядровий давлатда эса бу давлатнинг стратегик бошқаруви масаласига айланади.

Шу билан бирга, ягона қўмондонлик автоматик равишда Покистонни ҳарбий диктатурага айлантиради, деб айтиш нотўғри. Президент, бош вазир, парламент ва фуқаролик ҳукумати конституциявий жиҳатдан сақланиб қолмоқда. Ҳукуматнинг ўзи ҳам ислоҳотни мудофаа устидан давлат бошқарувини кучайтириш воситаси сифатида изоҳламоқда.

Аммо сиёсатшунослик фақат расмий институтларни ўрганмайди. У ресурслар, кадрлар, ахборот ва якуний қарор қабул қилиш ҳуқуқининг амалдаги тақсимотини ҳам таҳлил қилади. Агар битта институт қуролли кучларнинг энг йирик қисмини назорат қилса, стратегик қўмондонликда ҳал қилувчи рольга эга бўлса ва кенгайтирилган кадрлар ваколатини олса, унинг сиёсий оғирлиги табиий равишда ортади.

Нега айнан Осим Мунир?

Бугунги вазиятнинг ўзига хослиги шундаки, янги тизим мавҳум институтлар шароитида эмас, аниқ шахс атрофида шаклланди. Биринчи CDF — 2022 йил ноябридан буён армия бош қўмондони бўлиб келаётган Осим Мунир шундай шахс. У 2025 йил май ойида фельдмаршал унвонини олди. Бу Покистонда қарийб олтмиш йил ичида илк шундай ўсиш ҳисобланади.

Бу Ҳиндистон билан 2025 йил май ойида юз берган тўрт кунлик қуролли тўқнашувдан кейин содир бўлди. Можаро армия ва шахсан унинг қўмондонининг мамлакат сиёсий ҳаётидаги аҳамиятини кескин оширди. Ўша йил июнь ойида Мунир АҚШ Президенти Дональд Трамп билан Оқ уйда учрашди. Учрашувда унинг ёнида Покистоннинг фуқаролик раҳбариятидан вакил бўлмагани ҳарбий раҳбарнинг халқаро мавқеи қанчалик ошганини кўрсатувчи рамзий воқеа бўлди.

Энди янги ҳуқуқий тизим унинг марказий мавқеини институционал жиҳатдан мустаҳкамламоқда. Бироқ бу ҳолатни шахсий диктатура сифатида талқин қилиш шарт эмас. Анча муҳим жиҳат — Мунирдан кейин ҳам сақланиб қолиши мумкин бўлган моделнинг яратилаётганидир. Конституциявий ва қонунчилик нормалари алоҳида генералнинг фавқулодда мавқеини доимий институционал амалиётга айлантириши мумкин.

Энди нима бўлади?

Биринчи сценарий — оптимистик. Ягона CDF армия, ҳарбий-ҳаво кучлари ва ҳарбий-денгиз кучлари ўртасидаги ҳамкорликни яхшилайди, мудофаа режалаштириш самарадорлигини оширади ва Покистонга хавфларга тезроқ жавоб бериш имконини беради. Ҳиндистон билан рақобат ва дрон ҳамда ракета технологияларининг аҳамияти ортиб бораётган шароитда бу Исломободга муайян ҳарбий устунлик бериши мумкин.

Иккинчи сценарий — институционал. Армия давлатнинг янада устун институтига айланади, фуқаролик ҳукумати эса расмий ваколатларини сақлаб қолган ҳолда Ҳиндистон, Афғонистон, ядровий сиёсат ва ташқи иттифоқлар каби стратегик масалаларда ҳарбий раҳбарият позициясини ҳисобга олишга тобора кўпроқ мажбур бўлади.

Учинчи сценарий — инқирозли. Агар фуқаролик раҳбарияти билан CDF ўртасида жиддий зиддият юзага келса, янги тизим қарама-қаршиликларни йўқотиш ўрнига уларни янада хавфли қилиши мумкин. Чунки энди ҳарбий вертикалнинг катта қисми битта марказда жамланади.

Энг эҳтимолий сценарий иккинчисидир: классик ҳарбий диктатура эмас, балки фуқаролик-ҳарбий дуализмнинг янада институционаллашуви. Бунда фуқаролик органлари конституциявий ваколатларини сақлайди, бироқ армия хавфсизлик ва стратегик сиёсатда янада мустаҳкам мавқега эга бўлади.

Тарихий парадокс

Покистон ислоҳоти тарихий парадоксни юзага келтирмоқда. Парламент — яъни фуқаролик конституциявий институти — ҳарбий вертикалнинг кучайишини қонун орқали мустаҳкамламоқда. Бу классик ҳарбий тўнтаришдан тубдан фарқ қилади: армия ҳокимиятни тўғридан-тўғри эгалламаяпти.

Аксинча, ҳарбий ҳокимият нафақат амалий, балки ҳуқуқий шакл ҳам оляпти. Шунинг учун ислоҳотнинг оқибатлари Мунир ёки унинг ворислари қуролли кучларни қанчалик самарали бошқариши билан эмас, балки Покистон ҳарбий тизими устидан сиёсий назорат механизми сақланиб қолиши билан ўлчанади.

Агар парламент, судлар, ҳукумат ва сиёсий партиялар реал назоратни амалга ошира олса, янги тузилма замонавий ягона қўмондонлик тизимига айланиши мумкин. Агар назорат асосан расмий бўлиб қолса, ислоҳот Покистон давлатининг оғирлик марказини фуқаролик институтларидан армия томон янада силжитган бўлади.

Бошқача айтганда, Покистон автоматик равишда аввалги ҳарбий режимларга қайтмаяпти. Аммо мамлакат Осиёнинг энг муҳим ва айни пайтда энг заиф ядровий давлатларидан бирида ҳарбий ҳокимиятнинг бутун қуролли кучлар тизими устидан институционал устунлигини тарихда мисли кўрилмаган даражада аниқ ҳуқуқий шаклга келтирувчи тизимни яратмоқда. Шу боис 2025–2026 йиллардаги воқеаларни Покистон ҳарбий раҳбариятидаги навбатдаги кадрлар алмашинуви сифатида эмас, балки фуқаролик-ҳарбий муносабатлар қоидаларининг қайта ёзилиши сифатида баҳолаш керак.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid