Икки вилоятда ноқонуний равишда "Умра"га жўнатмоқчи бўлганлар ушланди
Қўқон шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси раҳбари фуқаролардан 2200 доллар талаб қилган.

Фарғона вилоятида ноқонуний равишда “Умра” зиёратига юбориш билан боғлиқ ҳолат аниқланди.
Маълум бўлишича, Қўқон шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирма раҳбари 2 нафар фуқарони “Умра” сафарига жўнатишни ваъда қилиб, 2200 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Наманган вилоятида кузатилган ҳолатда эса Чортоқ туманида фаолият юритувчи сайёҳлик фирма ишчиси 2 нафар фуқарони “Умра” сафарига юбориш эвазига 2200 АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 400 доллар олган вақтида ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
