Эски шаҳар ҳудудини комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади
Пойтахтдаги канал ва катта ариқлар бўйини аҳоли учун очиқ ва хавфсиз сайр ҳудудига айлантириш таклиф қилинди. Жумладан, Бўзсув каналининг Шаҳидлар хотираси хиёбонидан Чилонзор туманигача бўлган қисмида 20 километрлик узлуксиз пиёдалар йўлагини ташкил қилиш имконияти мавжуд.

Пойтахтнинг тарихий қисми – Эски шаҳар ҳудудини комплекс ривожлантириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Хорижий компанияларни жалб қилган ҳолда 1 ноябрга қадар мазкур ҳудудни ривожлантириш бўйича ягона концепция ва аниқ лойиҳалар портфелини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда пойтахтдаги давлат идораларига тегишли бинолардан самарали фойдаланиш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Бугун Тошкентда умумий майдони 765 минг квадрат метр бўлган 497 та маъмурий бино мавжуд.
Давлат ташкилотларини мақбул тарзда жойлаштириш, бўш ва самарасиз фойдаланилаётган майдонларда савдо, сервис, хусусий тиббиёт ва таълим хизматларини йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.
Масъулларга давлат идоралари биноларини хатловдан ўтказиб, мақбул майдонларни тадбиркорларга кафолатли шартларда узоқ муддатли ижарага бериш бўйича амалий ишларни ташкил этиш топширилди.
Йиғилишда давлат мулкини хусусийлаштириш орқали янги инвестиция ва бизнес лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Биргина Олмазор туманининг ўзида қиймати 100 миллиард сўм бўлган 52 та давлат объекти савдога чиқарилмоқда. Уларни тайёр бизнес лойиҳалари билан бирга тадбиркорларга таклиф этиш бюджет тушумлари ва иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шу билан бирга, аҳолининг кўпроқ пиёда юриши, спорт билан шуғулланиши ва очиқ ҳавода дам олиши учун замонавий инфратузилма яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Қичқириқ маҳалласида 2,5 километр сойбўйи ҳудудида экосайилгоҳ ва 12,5 километр пиёдалар йўлаги ташкил этилган. Бу аҳоли орасида эрталаб бадантарбия қилиш ва кечқурун пиёда сайр қилиш одатини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Пойтахтдаги канал ва катта ариқлар бўйини аҳоли учун очиқ ва хавфсиз сайр ҳудудига айлантириш таклиф қилинди. Жумладан, Бўзсув каналининг Шаҳидлар хотираси хиёбонидан Чилонзор туманигача бўлган қисмида 20 километрлик узлуксиз пиёдалар йўлагини ташкил қилиш имконияти мавжуд.
Бу борада бир ой ичида алоҳида лойиҳа ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
