Тошкентда 500 нафардан ошиқ фуқаронинг мулкка эгалик ҳуқуқи эътироф этилди
Энди улар уй-жойни олди-сотди қилиш, ҳадя этиш, мерос қолдириш ҳуқуқига эга бўладилар.

Тошкентда 500 нафардан ошиқ фуқаронинг мулкка эгалик ҳуқуқи эътироф этилди.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳри Кенгашининг навбатдаги сессиясида Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан амалга оширилган хатлов ишлари натижасига кўра, яна 525 нафар фуқаронинг якка тартибдаги уй-жойлари, улар жойлашган ер участкаларига нисбатан эгалик ҳуқуқлари эътироф этилди.
Шу тариқа, Тошкент шаҳрида “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун ижроси бўйича ҳуқуқлари эътироф этилган фуқаролар сони 927 нафарга етди.
Мазкур халқчил Қонун фуқароларга ўз уй-жойларига бўлган ҳуқуқларини белгиланган тартибда давлат рӯйхатидан ўтказиш имконини беради.
Шундан сўнг улар:
- уй-жойни олди-сотди қилиш;
- ҳадя этиш;
- мерос қолдириш;
- банк кредитлари учун гаров сифатида расмийлаштириш;
- мулк билан боғлиқ бошқа ҳуқуқларни қонуний амалга ошириш имкониятига эга бўлади.
